Покистон компаниялари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Покистон Ислом Республикасининг чарм саноати йўналишида фаолият юритувчи йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Акбар Султонов иштирок этдилар.
Покистондан ташриф буюрган делегация таркибида “Alliance Plus Co./Pak Overseas Enterprises”, “Mamba Fashion”, “Jannat Leather Industries”, “Fahim Brothers” , “MD Tannery Works”, “Saeed Leather”, “Palm & Finger Co.” нуфузли компаниялар раҳбарлари қатнашдилар.
Меҳмонлар билан инвестиция имкониятлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда Марказий Осиё ва Россия бозорларига ре-экспорт масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, чарм маҳсулотларини қайта ишлашда замонавий технологияларни жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш йўналишлари ҳам кўтарилди.
Покистон билан қўшма лойиҳалар амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириши, минтақавий бозорлар учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўл очиши таъкидланди.
Учрашув Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, янги инвестициявий лойиҳалар, технологиялар алмашинуви ва савдо муносабатларини янада кенгайтириш учун кенг имкониятлар эшигини очди.