Покистон делегацияси Фарғона водийсида чарм-пойабзал саноати салоҳиятини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати билан яқиндан танишиш, инвестиция имкониятларини ўрганиш ва экспорт салоҳиятини баҳолаш мақсадида Покистон чарм саноати делегацияси Фарғона водийсига амалий ташриф амалга оширди. Ушбу ташриф «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан ташкил этилган бўлиб, минтақавий саноат зоналари, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларнинг салоҳияти хорижий мутахассислар эътиборини тортди.
Ташриф дастури доирасида делегация Фарғона вилоятида жойлашган «Adib» МЧЖ фаолияти билан танишди. Корхонанинг ишлаб чиқариш линиялари, маҳсулот сифати ва экспорт имкониятлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, Қўштепа туманидаги кичик саноат зонаси (КСЗ)га ташриф давомида делегация аъзоларига зонанинг инфратузилмаси, ер ажратиш шартлари ва имтиёзли режимлар бўйича тақдимот ўтказилди. Делегация вакиллари бу маълумотларни Покистон чарм саноати уюшмаси аъзолари билан баҳам кўришини билдирди.
Ташрифнинг кейинги манзили Андижон вилоятидаги “Равон Тараққиёт Орзуси” МЧЖ корхонаси бўлди. Бу ерда чарм пойабзал маҳсулотларига катта қизиқиш билдирилиб, экспорт борасида дастлабки келишувларга эришилди. Томонлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, намунавий буюртмалар ва логистик йўналишларни ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашди.
Шунингдек, Андижондаги КФКга ташриф ҳам делегацияда катта таассурот қолдирди. Чарм маҳсулотларининг яратилиш жараёни, хомашё танлаш босқичидан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган барча жараёнлар кўздан кечирилди.
Ташриф якунида Олтинкўл туманида жойлашган замонавий чарм-пойабзал кичик саноат зонаси (КСЗ) кўздан кечирилди. Делегацияга зона фаолияти, мавжуд инфратузилма, савдо маркази ва корхоналарга яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Делегация аъзолари дастлаб Олтинкўлда намунавий шоурум ташкил этиш, қизиқиш бўлган тақдирда эса ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.