Почта соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари қўллаб-қувватланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 8–19 сентябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Бутунжаҳон почта иттифоқи(UPU)нинг 28-конгресси бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли халқаро анжуманда Рақамли технологиялар вазирининг маслаҳатчиси Ж. Эгамбердиев бошчилигидаги делегация вакиллари ҳам иштирок этди.
Бутунжаҳон почта иттифоқи — жаҳон миқёсидаги почта алоқаларини мувофиқлаштириш, стандартлаштириш ва ривожлантиришга қаратилган БМТнинг ихтисослашган ташкилоти бўлиб, унга дунёнинг 190 дан зиёд мамлакати аъзо ҳисобланади.
Дубайда ўтказилган 28-конгресс давомида халқаро почта соҳасидаги муҳим масалалар муҳокама қилиниб, келгуси тўрт йиллик (2026–2029) фаолият даври учун стратегик йўналишлар белгиланди. Конгресс доирасида бир қатор пленар ва Комиссия йиғилишлари ташкил этилди. Мазкур тадбирлар халқаро почта тизимининг ривожланиши, рақамли трансформацияси, логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолига кўрсатиладиган почта-молия хизматларининг сифатини ошириш масалаларига бағишланди.
Пленар йиғилишларда қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Бутунжаҳон почта иттифоқи ишчи органларининг — Халқаро бюро, Маъмурий кенгаш, Почта хизматларини амалга ошириш кенгаши, Маслаҳатчи қўмита ва Комиссияларнинг ҳисоботлари тингланиб, маъқулланди.
2026–2029 йилларга мўлжалланган БПИнинг навбатдаги стратегик режаси – “Дубай даври” стратегияси тасдиқланди.
Почта хизматлари соҳасидаги глобал муаммолар, имкониятлар ва келажак истиқболлари юзасидан дискуссиялар ва фикр алмашинувлар ташкил этилди.
Шунингдек, Халқаро бюронинг янги Бош директори ва унинг ўринбосари, шунингдек, Почта хизматларини амалга ошириш кенгаши ва Маъмурий кенгашнинг янги аъзолари сайланди.
Комиссиялар йиғилишлари чоғида эса UPU аъзо мамлакатлари томонидан тақдим этилган юзлаб таклифлар кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти почта-молия хизматлари, электрон почта платформаларини ривожлантириш, логистика тизимини яхшилаш, ҳамда жаҳон миқёсида тўлов механизмларини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан 11 та таклиф киритилди ва улардан 9 та таклиф Почта тўлов хизматлари тўғрисидаги келишувга, 2 та таклиф Бутунжаҳон почта конвенциясига киритилди.
Бу таклифларнинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи ортиб бораётганидан, мамлакатимизда почта соҳаси ривожи учун олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганидан далолат беради.