Парламентлар камситишга қарши курашишдаги ролини кучайтирмоқда
Парламентлар камситишга қарши курашишдаги ролини кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 декабрь куни Женевада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси кўмагида Парламентлараро Иттифоқ томонидан онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир турли давлатлар, жумладан Ўзбекистоннинг миллий тажрибаси асосида парламент амалиётида камситишга қарши курашиш ва тенгликни ривожлантириш бўйича самарали чора-тадбирлар таҳлилига бағишланди.
Давра суҳбатига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов модераторлик қилди. Мулоқотларда БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси вакили Кристель Вуанга, Конго Демократик Республикасининг Гендер, болалар ва оила масалалари қўмитаси раиси, Малайзия парламенти депутати Сиерлина Абдул Рашид, Бразилия Федерал Сенати аъзоси ва БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Мара Габрилли, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси ходими Клод Кан ва бошқалар иштирок этди.
Давра суҳбати Парламентлараро Иттифоқнинг "Гендер тенгликка эришиш: ҳаракатдан-ҳаракатга" кампанияси доирасида ўтказилди. Бу кампания гендер камситишининг барча шаклларига қарши қонунчилик ташаббусларини рағбатлантириш ва хотин-қизларни турли-туманликларини ҳисобга олган ҳолда парламент фаолиятига кенг жалб этишга қаратилган. Муҳокамалар интерфаол тарзда ва инглиз тилида олиб борилди.
Тадбирда асосий эътибор парламентлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал мажбуриятларни камситишга қарши амалий чораларга қандай айлантириши мумкинлигига қаратилди. Иштирокчилар қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда, парламент назоратини кучайтиришда ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш ва озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби соҳаларда бюджет сиёсатини шакллантиришда БМТ шартномавий органларининг тавсияларидан фойдаланиш бўйича тажрибаларини баҳам кўрдилар.
Бунда қайси ёндашувлар энг самарали бўлгани, парламент аъзолари қандай тўсиқларга дуч келгани ва БМТ қўмиталари билан ҳамкорлик барқарор натижаларга эришишга қандай ёрдам бераётганига алоҳида аҳамият берилди.
Парламент аъзолари камситишга қарши курашиш бўйича ўз тажрибалари хусусида сўз юритдилар. Камситишга қарши қонунларни қабул қилиш ва амалга ошириш, зарур маблағларни ажратиш, назорат механизмларини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича парламент томонидан қилинган ишлар юзасидан ўзаро фикрлашилди.
Академик А.Саидов таъкидлаганидек, камситишга қарши кураш бир марталик ҳаракат эмас, балки ҳокимиятнинг барча тармоқлари изчил ишлашини талаб қиладиган узоқ муддатли стратегиядир. Ўзбекистонда сўнгги йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари билан парламент ва институтционал ҳамкорликнинг яхлит тизими шакллантирилган. Уларнинг тавсиялари камситишга қарши қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда, парламент назоратини кучайтиришда ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда изчил равишда қўлланилмоқда.
"Бугунги кунда парламентлар олдида нафақат халқаро нормаларни мослаштириш, балки уларни амалда ишлайдиган ва ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳақиқатан ҳимоя қиладиган ҳолатга келтиришга эришиш вазифаси турибди", – деди А.Саидов.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясида билдирган фикрлари алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари парламентлар тинчлик, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей Ассамблеяси ўтказилиши Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар ва парламентаризм ривожланишининг халқаро эътирофи эканини қайд этгани бежиз эмас.
Давра суҳбатида парламент аъзолари ўртасида тажриба алмашилди. Камситишга қарши курашиш бўйича парламент механизмларини кучайтириш, жумладан, қонунлар қабул қилиш, уларнинг ижросини назорат қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорлик, шунингдек, БМТнинг шартномавий органлари билан ҳамкорликни такомиллаштириш учун зарур чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар, шунингдек, асосий муаммолар, қаршиликларни енгиб ўтиш стратегиялари ва камситишга йўл қўймаслик соҳасидаги парламент фаолиятини янада ривожлантириш йўналишларини белгилаб олдилар.