«Ўзсаноатқурилишбанк» Лондон фонд биржасига АТ1 халқаро облигацияларига 300 миллион доллар жойлаштирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил октябрь ойида Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Лондон фонд биржасида қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг бўлган биринчи даражали қўшимча капитал (АТ1) халқаро облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Мазкур амалий қадам банкнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, халқаро бозорда янги молиявий инструментларни жорий этиш ва Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошириш йўлида муҳим босқич бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва молиявий ислоҳотлар натижасида сармоядорлар учун қулай шароит яратилди, Ўзбекистоннинг халқаро инвестицион майдондаги мавқеи янада мустаҳкамланди. Айнан шу тизимли ўзгаришлар банк соҳаси учун халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтирди.
АТ1 туридаги облигациялар тижорат банклари фаолиятидаги замонавий молиявий инструментлардан бири бўлиб, Bazel III халқаро стандартларига мувофиқ банкнинг биринчи даражали регулятив капиталини оширишга хизмат қилади. Ушбу молиявий механизм капитални давлат бюджети иштирокисиз ошириш имконини берди. Мазкур тажриба бошқа тижорат банклари учун ҳам капитал етарлилигини таъминлаш йўлида намунавий аҳамият касб этади.
Халқаро облигацияларни жойлаштириш жараёнида 22 та давлатдан 130 дан ортиқ инвесторлар томонидан таклифлар келиб тушди. Уларнинг умумий ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошиб, таклифлар белгиланган миқдордан 4,8 баравар кўп бўлди. Натижада облигациялар бўйича фоиз ставкаси 9,75–10 фоиздан 9,45 фоизга пасайтирилди. Инвесторларнинг 45 фоизи Буюк Британия, 28 фоизи АҚШ, 8 фоизи БАА, 6 фоизи Швейцария ва бошқа мамлакатлардан бўлди. Мазкур жараёнда “Citibank”, “J.P. Morgan”, “Societe Generale”, “Standard Chartered”, “Raiffeisenbank” вa “Mashreqbank” каби жаҳоннинг етакчи банклари воситачи сифатида иштирок этди.
Эмиссия ҳисобига банк капитали етарлилик кўрсаткичи 15,9 фоиздан 19 фоизга, биринчи даражали капитал етарлилиги эса 11,3 фоиздан 14,7 фоизга етди. Бу натижа банкка 2026–2027 йиллар давомида қўшимча 2,1 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратиш ва тахминан 80 миллион долларлик соф фоиз даромади шакллантириш имконини берди. Шу билан бирга, кредит қўйилмаларнинг ўсиши мамлакатдаги ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтиришга замин яратди.
АТ1 халқаро облигацияларини муваффақиятли жойлаштириш нафақат Ўзсаноатқурилишбанкнинг молиявий салоҳиятини оширди, балки мамлакатимиз банк тизимининг халқаро майдондаги нуфузини ҳам мустаҳкамлади. Бу жараён Ўзбекистоннинг очиқ, барқарор ва инвестиция учун жозибали иқтисодий муҳит яратишга қаратилган ислоҳотларининг амалий ифодаси бўлди.