«Ўзбекнефтгаз» АЖ Канада билан соҳада технологияларни ривожлантириш ва рақамлаштиришни муҳокама қилди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Канада билан соҳада технологияларни ривожлантириш ва рақамлаштиришни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов Канаданинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Дагган бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида нефть-газ соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, жумладан, технологик алмашинув, инновацион ечимларни жорий этиш, таълим дастурларини ривожлантириш ва мутахассислар малакасини ошириш механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга ошираётган ва юқори технологияли ечимларни жорий этишда барқарор натижаларга эришиб келаётган "Condor Energies" компанияси фаолиятига алоҳида тўхталинди.
Компаниянинг горизонталь бурғилашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш тажрибаси ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатадиган маълумотларни таҳлил қилиш воситаларини Ўзбекистонда татбиқ этишни кенгайтиришни таъкидладилар.
Томонлар амалдаги ҳамкорлик даражасини юқори баҳолаб, уни самарали технологик шериклик намунаси сифатида қайд этдилар ва қўшма ташаббусларни янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини эътироф этишди.
Канадаликлар ўз компанияларининг углеводород хомашёсини қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларида, шунингдек, соҳани рақамлаштириш – сунъий интеллект, автоматлаштириш, маълумотлар таҳлили ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишда иштирокини кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар. Техник экспертиза алмашиш, ташаббусларни батафсил ишлаб чиқиш ва алоқаларни кенгайтириш бўйича амалий механизмларни шакллантириш юзасидан келишувга эришилди.