«Ўзбекнефтегаз» «Нефтегазмонтаж» фаолиятини танқид қилди
«Ўзбекнефтегаз» «Нефтегазмонтаж» фаолиятини танқид қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтегаз» бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов «Нефтегазмонтаж» фаолияти бўйича йиғилиш ўтказди, унда компания фаолияти қаттиқ танқид қилинди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда корхонада иш жараёнлари ҳануз эскича тизимда, рақамлаштирилмаган ҳолатда олиб борилаётгани кескин танқид қилинди. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги, замонавий бошқарув механизмлари жорий этилмагани корхонада нафақат самарадорликни пасайтирган, балки молиявий тартиб-интизомга ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатгани таъкидланди.
Рақамлар эса ҳолат қанчалик жиддий эканини яққол кўрсатмоқда. Қурилиш ишлари 21,4 фоизга қисқарган, бир вақтнинг ўзида омборларда моддий техник ресурслар (МТР) захиралари асоссиз равишда 129 фоизга ошиб кетган. Энг ташвишлиси — ишчиларга ноябрь ойидан буён иш ҳақи тўланмай келинмоқда.
Оҳирги йилларда Жамият салоҳиятидан тўлиқ фойдаланмаслик оқибатида иш ҳажмлари сезиларли даражада пасайиб кетган, юқори малакали кадрлар қўнимсизлиги ошиб кетган, буюртма ҳажмлари билан ишлашда ташаббускорлик кўрсатилмаган.
Корхона активлари деярли самарасиз ҳолатга келиб қолган. 562 та техниканинг ярмидан кўпи ишламайди: 128 таси яроқсиз, 218 таси носоз. Уларнинг йиллар давомида таъмирланмагани оқибатида техник парк деярли издан чиққан. GPS назорат тизими йўқлиги сабаб транспорт воситалари устидан назорат заифлашган. Шу билан бирга, фойдаланилмаётган объектлар учун ҳар йили ортиқча маблағ сарфланиши кескин танқид қилинди.
Йиғилишда Бошқарув раиси томонидан вазиятни тубдан яхшилаш, Жамиятни молиявий соғломлаштириш бўйича қатъий топшириқлар берилди. Рақамли ҳужжат айланиши ва ғазначилик тизимларини зудлик билан жорий этиш, “Давлат харидлари” талабларига қатъий риоя этиш, бухгалтерия фаолиятини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, харидлар тизимини шаффофлаштириш вазифалари белгилаб берилди.
Самарасиз активлар — яроқсиз техникалар ва фойдаланилмаётган объектларни аукционга чиқарилиши, носоз техникалар эса қисқа муддатда таъмирланиши шартлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Шунингдек, кун тартибида алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири — жамиятда қариндош-уруғчилик ҳолатларининг урчиб кетганидир. Айрим раҳбар ва масъул ходимлар томонидан яқин қариндошларни ишга жалб қилиш ҳолатлари тизимли муаммога айланган. Бу эса кадрлар сиёсатида адолат тамойилларини бузиб, самарадорликка салбий таъсир кўрсатган.
Йиғилиш кескин қарорлар билан якунланди. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ва молиявий камчиликларни олдини олмаган комплаенс инспектори, директорнинг иқтисод ва қурилиш бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимларига нолойиқ деб топилди. Корхона директори эса лавозимидан олиниб, унга 3 ойлик синов муддати берилди. Шунингдек, ишчилар олдидаги қарздорликни бир ҳафта ичида тўлаш бўйича топшириқ берилди.
Бошқарув раиси корхонани тубдан ўзгартириш вазифасини қўйди. «Нефтгазмонтаж»ни замонавий ускуналар билан таъминлаб, йирик пудратчи компанияга айлантириш, иш ҳажмларини 10 баробарга ошириш ва шунга яраша ишчилар сонини мувофиқлаштириш, уларнинг ойлик маошларини ошириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.