Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72,8 миллиард долларни ташкил этди
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72,8 миллиард долларни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил январь–ноябрь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 72,8 млрд АҚШ долларига етди ва 2024 йилнинг январь–ноябрига нисбатан 13 018,4 млн АҚШ долларига ёки 21,8 % га кўпайди.
ТСАда экспорт ҳажми 30 894,8 млн АҚШ долларига (2024 йилнинг январь–ноябрь ойларига нисбатан 26,2 %га ўсди) ва импорт ҳажми 41 885,4 млн АҚШ долларига (18,7 % ўсиш) етди. Ҳисобот даврида ташқи савдо баланси 10 990,6 млн АҚШ доллари миқдорида манфий сальдо билан шаклланди.
Ўзбекистон жаҳоннинг 210 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (20,1 %), Россия (16,2 %), Қозоғистон (6,0 %), Туркия (3,7 %) ва Корея Республикаси (2,2 %) ҳиссасига тўғри келди.
Экспорт таркибида товарлар улуши 72,6 % ни ташкил этиб, унда асосан саноат товарлари (11,3 %), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,7 %), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (6,0 %) ва ҳар хил тайёр маҳсулотлар ҳиссаси юқори (5,0 %) бўлди.
2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (13,0 %), Хитой (6,0 %), Афғонистон (4,3 %), Қозоғистон (4,3 %), Туркия (3,3 %), Франция (2,5 %), БАА (2,1 %), Қирғиз Республикаси (1,8 %), Тожикистон (1,7 %) ва Покистон (1,0 %) каби давлатлар бўлди. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 40,0 % ни ташкил этди.
2025 йил январь–ноябрь ойларида 2 022,2 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорти амалга оширилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 6,3 % ёки 119,5 минг тоннага ошди.
2025 йил январь–ноябрь ойларида 1 942,8 млн АҚШ долларига тенг мева ва сабзавотлар экспорт қилинди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 36,8 % га ўсди ва жами экспортдаги улуши 6,3 % ни ташкил этди.
2025 йил январь–ноябрь ойлари якуни бўйича 2 266,1 млн АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, умумий экспортнинг 7,3 % ини ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 14,6 % га камайди.
Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (51,6 %), ип калава (28,4 %) асосий улушни эгаллаган.
2025 йил январь–ноябрь ойларида хизматлар экспорти ҳажми 8 478,3 млн АҚШ долларини ёки жами экспорт ҳажмининг 27,4 % ини ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 28,9 % га ўсди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши сафарлар (53,3 %), транспорт (31,1 %), телекоммуникация, компьютер ва ахборот (7,9 %) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (3,1 %) ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу даврга келиб импорт ҳажми 41 885,4 млн АҚШ долларига етди ва 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 18,7 % га ўсди. Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,6 %), саноат товарлари (15,7 %) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,2 %) ҳисобига тўғри келди.
Товарлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида импорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 554,8 млн АҚШ долларига кўпайди ва 37 419,7 млн АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар импорти эса 4 465,7 млн АҚШ долларига етди.
2025 йил январь–ноябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси 180 та давлатдан товар ва хизматлар импортини амалга оширди. Йирик ҳамкор давлатлар, жумладан, Хитой (30,5 %), Россия (18,5 %), Қозоғистон (7,2 %), Туркия (3,9 %), Корея Республикаси (3,6 %), Германия (2,5 %) ва Ҳиндистон (2,5 %) жами импортнинг 60,0 % дан ортиғини ташкил этди.
2025 йилнинг январь–ноябрь ойлари якуни билан хизматлар импорти ҳажми 4 465,7 млн АҚШ долларини ёки жами импорт ҳажмининг 10,7 % ини ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 31,0 % га ошди.
Хизматлар импорти таркибида асосий улуш сафарлар (52,1 %), транспорт хизматлари (19,5 %), телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари (10,6 %) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (6,5 %) ҳамда бошқа хизматлар (11,3 %) ҳиссасига тўғри келди.