Ўзбекистон–Финляндия бизнес-форуми: инновациялар, технологиялар ва аграр ҳамкорликнинг янги босқичи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимиздаги “Intercontinental Hotel – Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон–Финляндия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Финляндия Республикаси Президенти Александр Стуббнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ташкил этилиб, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Финляндия ҳукумати аъзолари, йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда бизнес доиралар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида аграр соҳада янги истиқболлар, хусусан, замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва сут саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Финляндиянинг “Valtra Tractors” ҳамда “Valio Ltd.” компаниялари ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, “Valtra Tractors” компанияси билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда аграр тармоққа интеллектуал технологияларни жорий этиш, “Valio Ltd.” билан эса Ўзбекистон Республикасида сут саноатини ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Имзоланган меморандумлар Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига, аграр соҳада илғор тажрибалар алмашинувига ҳамда мамлакатимизда инновацион технологиялар асосидаги ишлаб чиқариш занжирини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тадбир якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитиш, янги сармоя йўналишларини аниқлаш ва келгусида доимий мулоқот платформасини яратиш борасида келишиб олдилар.