Валюта курслари 26/02/2026
$1 – 12137.10
UZS – -0.42%
€1 – 14307.21
UZS – -0.42%
₽1 – 158.53
UZS – -0.35%
Қидириш
Ўзбекистондаги Ҳиндистон элчиси: Dok-1 Max ишига баҳо бериш суд ваколатида

Ўзбекистондаги Ҳиндистон элчиси: Dok-1 Max ишига баҳо бериш суд ваколатида

Ўзбекистондаги Ҳиндистон элчиси: Dok-1 Max ишига баҳо бериш суд ваколатида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги Ҳиндистон элчиси Смита Пант Dok-1 Max ишига изоҳ бериб, ушбу масала айни пайтда суд тартибида кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳуқуқий жараён бўлиб, унга якуний баҳо бериш суднинг ваколатига киради. Тергов ва суд жараёнлари тўлиқ якунланмагунча расмий изоҳ бериш ёки хулоса чиқариш эрта ва мақсадга мувофиқ эмас.

Элчи Ҳиндистон томони учун қонун устуворлиги асосий тамойил эканини таъкидлади. Ҳиндистонда барча жараёнлар ошкоралик ва қонунийлик асосида амалга оширилади, суд тизими эса мустақил равишда қарор қабул қилади.

Шунингдек, ҳар бир инсон ҳаёти Ҳиндистон учун беқиёс қадрият экани алоҳида қайд этилди. Ушбу ҳодиса оқибатида болаларнинг ҳалок бўлиши Ҳиндистон халқи учун ҳам чуқур фожеа бўлган, ҳар бир йўқотилган ҳаёт жиддий инсоний фалокат сифатида қабул қилинади.

Бироқ, элчи Ҳиндистон фармацевтика саноатининг глобал соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим ўрнига ҳам эътибор қаратди.

COVID-19 пандемияси даврида Ҳиндистон дунёнинг 96 та мамлакатига 301 миллион дозадан ортиқ вакцина етказиб берган. Ҳиндистон дженерик дори воситалари туфайли ВИЧни даволаш қиймати ўн минглаб долларлардан тахминан 100 долларгача пасайтирилган.

Айни пайтда дунёда ишлаб чиқарилаётган барча генерик дори воситаларининг тахминан 20 фоизи Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади, ҳинд дорилари эса АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония ва Австралия бозорларига экспорт қилинади.

АҚШдан ташқари жойлашган, U.S. Food and Drug Administration стандартларига жавоб берадиган заводлар сони бўйича Ҳиндистон дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. UNICEF ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда миллионлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шу боис Ҳиндистон кўпинча «дунё дорихонаси» (pharmacy of the world) деб аталади.

Сўзининг якунида Смита Пант соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши кераклигини, уни фақат бизнес ёки фойда нуқтаи назаридан баҳолаб бўлмаслигини таъкидлади.

Унинг айтишича, инсон ҳаёти ва қадри ҳар қандай манфаатлардан устун туради.

Эндиликда Ҳиндистоннинг барча фармацевтика компаниялари World Health Organization томонидан белгиланган янгиланган тегишли ишлаб чиқариш амалиёти стандартларига (GMP) риоя этиши шарт.

Ушбу янгиланишлар барча компаниялар стандартлаштирилган жараёнларга амал қилиши ва сифат устидан қатъий назоратни таъминлашга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиш натижасида 68 нафар бола ҳалок бўлган, яна 16 нафарида оғир асоратлар, икки нафарида эса енгил оқибатлар кузатилган. Мазкур ҳолат бўйича айбдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Дорининг расмий импортчиси бўлган «Quramax Medical» МЧЖ раҳбари 20 йилга озодликдан маҳрум этилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев эса 18 йилга ҳукм қилинган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг