Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича PAGE дастури ишга туширилди
Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича PAGE дастури ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида Яшил иқтисодиёт бўйича ҳаракатлар ҳамкорлиги (PAGE) дастури расман ишга туширилди.
Ушбу ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳамкорлик агентликлари кўмагида амалга оширилади. Дастур мақсади миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш, миллий эмиссиялар савдо тизими ва яшил иқлим молияси бўйича ягона мониторинг ва баҳолаш (М&E) тизимини шакллантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (УНДП), Корея элчихонаси, халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда PAGE дастури вакиллари ва мутахассислари иштирок этиб, лойиҳанинг мақсадлари, кутилаётган натижалар ва кейинги қадамлар муҳокама қилинди.
Тадбирнинг очилишида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Сабине Маҳл, БМТТДнинг доимий вакили ўринбосари Анас Қарман сўзга чиқиб, мамлакатда олиб борилаётган яшил иқтисодиётга ўтиш соҳасида олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида ижобий фикрлар билдиришди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев ўз нутқида Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланиш борасидаги қатъий позициясини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатда иссиқхона газлари эмиссияларини қисқартиришда бозор механизмларидан, хусусан, углеродни нархлаш воситаларидан фойдаланиш зарурлигини айтиб ўтди.
БМТТДнинг атроф-муҳит бошқаруви бўйича катта сиёсий маслаҳатчиси Тим Скотт Ўзбекистонни яшил иқтисодиёт соҳасида минтақадаги етакчи давлат сифатида эътироф этди ҳамда PAGE дастури доирасида мамлакатга яшил иқтисодиёт ислоҳотларини амалга оширишда доимий кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.
Тадбир якунида, иштирокчилар дастурни амалга оширишда самарали мувофиқлаштириш, миллий ташаббуслар билан уйғунлик ва салоҳиятни ошириш муҳимлигини таъкидлашди ва бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга келишиб олишди.