Ўзбекистонда таълим дастурларини такомиллаштириш бўйича “PRESETT” халқаро ўқув курси бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Британия Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги Марказий Осиёнинг 5 мамлакатидаги педагогик кадрларни тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасаларидан келган 30 нафар мутахассислар учун тренинг ташкил қилмоқда. Тренинг иштирокчилари миллий таълим дастурларни таҳлил қилган ҳолда уларни халқаро илғор амалиётлар билан таққослашади, ҳамкасблари билан ўз тажрибаларини ўртоқлашадилар ва инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича мутахассисларнинг маҳаллий ҳамжамиятларини кучайтирадилар.
20-23 октябрь кунлари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан келган 6 нафар мутахассис ушбу тадбир машғулотларига қўшиладилар. Тренинг машғулотларига Норвич тил таълими институти (Буюк Британия) мутахассиси етакчилик қилади. Мазкур тўрт кунлик семинар-тренинг машғулотлари натижасида иштирокчилар бўлажак инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш таълим дастури асосини ташкил қилувчи тамойилларни аниқлаштириб оладилар ҳамда шу аснода ўз контекстларида мавжуд таълим дастурларини такомиллаштириш бўйича тайёргарликдан ўтадилар. Ушбу семинар тренинг дастурининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар бир иштирокчи мамлакат ўзининг соҳа бўйича тайёргарликдан ўтган жамоасига эга бўлиб, улар турли кўникма ва малакаларга эга академик мутахассислардан таркиб топган бўлади. Жамоа аъзолари ҳамкорликда бўлажак инглиз тили ўқитувчилари таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш устида иш олиб боришади. Улар шунингдек, таълим ислоҳотлари натижасида вужудга келадиган ўзгаришларни бошқариш бўйича ҳам билимларни эгаллаган ҳолда таълим дастурларидаги ўзгаришларнинг амалиётга муваффақиятли жорий этилишини кафолатлашади.
Мазкур семинар-тренингларни тақдим этишдан олдин, Британия Кенгашининг Марказий Осиёда инглиз тилини ўрганишни жадаллаштириш лойиҳаси доирасида Марказий Осиёдаги 5 мамлакатда таълим ислоҳотларига доир мулоқотларни ташкил қилган бўлиб, мулоқотлар давомида мамлакатлардаги бўлажак инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш таълим дастурларини такомиллаштириш бўйича устувор йўналишлар аниқлаб олинган эди. Ушбу мулоқотлар нафақат академик мутахассислар, балки соҳа бўйича масъул давлат агентликлари ва халқаро ҳамжамият вакиллари иштирокида олиб борилди.
“Марказий Осиёнинг бешта мамлакатида ўтказилган таълим соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган мулоқотлардан шу нарсани билдимки, ҳамкасбларимизда ҳамкорликда ишлаш, ўзаро тажриба алмашинган ҳолда мамлакатларимиздаги ёшлар учун янада яхши келажакни ҳамкорликда яратишга бўлган иштиёқ жуда баланд. Шу боис, Британия Кенгаши иштирокчиларга соҳадаги илғор амалиётлар билан ўртоқлашиш имкониятини ва таълим дастурларини халқаро стандартларга мослаштиришда зарур бўлган ёрдамни тақдим этади.”” дея таъкидлади Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ўринбосари Жамиля Гулямова.
Тадбир Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида бўлиб ўтади. Тадбир Буюк Британия ҳукумати ҳузуридаги Халқаро ривожланиш департаменти молиявий кўмагида ташкил этилмоқда. Тренинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб янада инклюзив таълим тизимларини ривожлантириш ҳамда инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлашга қаратилган, Британия Кенгашининг Марказий Осиёда инглиз тилини ўрганишни жадаллаштириш (AELLCA) дастури доирасида амалга оширилмоқда. Дастурнинг асосий академик ҳамкори Буюк Британиянинг Норвич тил таълими институти ҳисобланади.