Ўзбекистонда «Оросол» биологик фаол қўшимчаси ишлаб чиқарилиши тўхтатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “ORIENT BIOPHARM” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган “Триортасол Оросол+Рух” номли БФҚ маҳсулоти бўйича келиб тушган мурожаат асосида Рақобат қўмитаси томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганиш жараёнида, ушбу маҳсулотнинг қадоқлаш дизайни ва қўллаш бўйича йўриқномаларида белгиланган тартибга риоя этилмасдан, Санепидқўм билан келишувсиз ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилгани аниқланди.
Шунингдек, “Триортасол Оросол+Рух” маҳсулоти аввалроқ ишлаб чиқарилган “ORSA” дори воситаси билан таркибий ва қадоқ маълумотлари жиҳатдан ўхшаш эканлиги ҳам қайд этилди.
Аниқланган қонунбузилишлар натижасида, “ORIENT BIOPHARM” МЧЖга:
“Оросол” БАДни (рухсатнома билан тақдим этилган ҳужжатлар тўпламига мувофиқ) қайта ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиш,
рухсатномасиз ишлаб чиқарилаётган “Триортасол Оросол+Синк” маҳсулотини савдо тармоқларидан қайтариб олиш бўйича санитария талабномаси юборилди.
Йиғилган ҳужжатлар белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун “Ўзбекистон аккредитация маркази”га юборилди.
Рақобат қўмитаси барча БФҚ ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи тадбиркорлик субъектларини истеъмолчиларга фақат қонунчиликка мувофиқ ва тасдиқланган маълумотларни тақдим этишлари лозимлиги борасида расман огоҳлантиради.