Ўзбекистонда молиявий инклюзия: тенденциялар ва асосий йўналишлар
Ўзбекистонда молиявий инклюзия: тенденциялар ва асосий йўналишлар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистонда молиявий инклюзиянинг тенденциялари ва асосий йўналишлари таҳлил қилинди.
Молиявий инклюзия - бу аҳолининг барча қатламларини сифатли ва ҳаммабоп молиявий хизматлар билан таъминлаш.
2024-йил ҳолатига кўра, дунё аҳолисининг 79 фоизи ўзининг банк ҳисоб рақамига эга. Жумладан, 2021-2024 йиллар оралиғида молиявий ҳисобга эга аҳоли сони 5 фоиз бандга, ўрта ва паст даромадли мамлакатларда эса 6 фоиз бандга ошган. Global Findex (2025) ҳисоботига кўра, 2024-йилда ўрта ва паст даромадли мамлакатларда аҳолининг 40 фоизи (ўсиш 2021-йилдагига нисбатан 16 фоиз) ўз маблағларини банк ва молиявий ташкилотларда сақлаган.
Таҳлилда Жаҳон банки томонидан 2018-йил сентябрдан 2025-йил июнь ойигача ўтказилган ва “Ўзбекистон фуқаролари фикрини ўрганиш сўровномаси” (Listening to the Citizens of Uzbekistan – L2CU) деб номланган сўров натижаларидан фойдаланилди. Сўров ҳар ойда тахминан 1503 та уй хўжалигидан олинган (жами 121 618 та кузатув) ижтимоий ва иқтисодий маълумотларни ўз ичига қамраб олади.
МҲТИ мутахассисларининг таҳлили чоғида қуйидагилар аниқланди:
2018-йилда респондентларнинг 97,7 фоизи ўз маблағларини нақд пул кўринишида уйда сақлашни маъқул кўрган бўлса, 2025-йилда ушбу кўрсаткич 92,7 фоизгача қисқарган. 2018-2025 йиллар мобайнида банк ҳисобварақларидан фойдаланиш даражаси 4,2 фоиз бандга ва муддатли депозитлар шаклида сақлаш 3 фоиз бандга, ўз навбатида респондентлар улуши мос равишда 6 баробар ва 3 баробарга ошган. Бу эса аҳолининг молиявий саводхонлиги ортиб бораётгани ва банк тизимига ишончи мустаҳкамланаётганини англатади.
2021-йилда уй хўжаликларининг 41 фоизида банк картаси бўлмаган. 2025-йилга келиб, пластик карталар ижтимоий нафақалар, давлат тўловлари, иш ҳақи, пул ўтказмалари учун асосий каналга айланиб, бу кўрсаткич 15 фоизгача қисқарди. Жумладан, 2021-йилнинг II чорагида сўровда қатнашган уй хўжаликларининг 57 фоизи банк картасига эга эканлигини билдирган бўлса, 2025-йилнинг II чорагига келиб, уларнинг улуши 85 фоиз атрофида шаклланди. Ушбу даврда (2021–2025) савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида терминал инфратузилмасининг яхшиланиши, UzCard ва Humo тизимларининг кенгайиши, шунингдек, иш ҳақи ва пенсия тўловларининг босқичма-босқич банк карталарига ўтказилиши молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, банк карталарининг оммалашуви ва молиявий инклюзия даражасининг сезиларли ошишига олиб келди.
2021-йилдан 2025-йилга қадар бўлган даврда респондентларнинг камида 92 фоизи сўнгги 30 кунда банк картасига маблағ тушганини ва камида 91 фоизи банк картаси орқали харид қилганини таъкидлаган. Қолаверса, 2021-йил май ойида респондентларнинг қарийб 81 фоизи сўнгги 30 кун ичида банк картаси орқали банкоматдан нақд пул олганини билдирган бўлса, 2025-йилнинг биринчи ярмида бу улуш 95 фоизга етган, яъни банкоматлардан фойдаланиш даражаси сезиларли даражада ошган.
Жорий йилнинг 12-декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонда 2030-йилгача савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган.
Таҳлил натижаси, респондентлар орасида молиявий транзакцияларнинг электрон шаклда бўлишини қўллаб-қувватловчилар 2021-йилдаги 78 фоиздан 2025-йилнинг биринчи ярмида 89 фоизга етганини кўрсатмоқда.
Бу аҳоли орасида электрон транзакциялар кўпроқ оммалашаётганини англатади.