Ўзбекистонда микромолия ташкилотлари 21,3 трлн сўмлик кредитлар ажратди
Ўзбекистонда микромолия ташкилотлари 21,3 трлн сўмлик кредитлар ажратди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистондаги микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан жами 21,3 трлн сўмлик кредитлар берилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўпдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.
2025 йилнинг III чораги давомида микромолиявий хизматлар бозорида янги иштирокчи сифатида 26 та микромолия ташкилоти, уларнинг 187 та филиаллари (132 та микромолия ташкилоти ва 55 та ломбардлар) ташкил этилиб, умумий сони 218 та, шундан микромолия ташкилотлари 126 та (филиаллар сони 368 та) ва ломбардлар 92 тага (филиаллар сони 126 та) етди.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар таркибида чел эл капитали мавжуд бўлган микромолия ташкилотлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 тага ортиб, 2025 йилнинг III чорак якунлари бўйича 24 тага (микромолия ташкилотлари 16 та ва ломбардлар 8 та) етган.
Бунда, фаолият юритаётган микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳри (70 та микромолия ташкилоти ва 47 та ломбард) ва Фарғона вилояти (19 та микромолия ташкилоти ва 5 та ломбард) ҳиссасига тўғри келса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятларида 1 тадан бош офислар жойлашган.
Дислокация бўйича Тошкент шаҳрида ломбардларнинг 39 та филиаллари ва микромолия ташкилотларининг 31 та филиаллари фаолият юритса, Хоразм вилоятида мазкур кўрсаткич 15 тани ташкил этади.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан 2025 йил йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 21,3 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, кредитлаш миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга, хусусан микромолия ташкилотларида 2,1 баробар ва ломбардларда 36 фоизга ошган.
Бунда, кредитлашнинг 90 фоизи (19,2 трлн сўми) микромолия ташкилотлари ва 10 фоизи (2,1 трлн сўми) ломбардлар ҳиссасига тўғри келган.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан кўрсатилган хизматларнинг 20,5 трлн сўми ёки 96 фоизи жисмоний шахслар ва 746 млрд сўми ёки 4 фоизи юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Ажратилган кредитлар сегментациясида 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида ажратилган онлайн кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоиз бандга ортиб, микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган кредитлардаги улуши 69 фоизга етган.
Онлайн кредитлаш ҳажмининг кескин ошиши жисмоний шахслар томонидан “Uzum Market” электрон платформаси, “Uzum Tezkor” етказиб бериш хизмати ва “Uzum Nasiya”га уланган бошқа савдо шаҳобчалардан товар хом-ашё сотиб олишда, “Тезкойн” (9,5 трлн сўм) “Шаффоф-Молия” (3,4 трлн сўм) ва “Пейлейтер” (100 млрд сўм) микромолия ташкилотлари томонидан онлайн кредитлар ажратилиши билан изоҳланади.
Микромолия ташкилотлари томонидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 8,6 млрд сўмлик “муробаҳа”, “исломий ижара” ва “музораба” исломий молиялаштириш хизматлари кўрсатилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 баробарга ошган.
Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар миқдорлари бўйича сегментациясида 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида ажратилган кредитларнинг 62 фоизи 10 млн сўмгача бўлган кредитларни, 10-20 млн сўмгача ва 20-50 млн сўмгача бўлган кредитлар улушининг ҳар бири 14 фоизни ва 50-100 млн сўмгача бўлган кредитлар улуши 10 фоизни ташкил этган.
Жорий йилнинг III чораги якунида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 млн сўмгача бўлган кредитлар улуши 17 фоиз бандга, 10-20 млн сўмгача бўлган кредитлар улуши 1 фоиз бандга ошган бўлса, 20-50 млн сўмгача бўлган кредитлар 10 фоиз бандга ва 50-100 млн сўм миқдоридаги кредитларда 8 фоиз бандга камайган.
Юридик шахсларга ажратилган кредитлар миқдорлари сегментациясида 100-200 млн сўмгача бўлган кредитлар улуши 48 фоизни, 200-300 млн сўмгача бўлган кредитлар улуши 27 фоизни, 300 млн сўмдан юқори бўлган кредитлар улуши 11 фоизни, 50 млн сўмгача 8 фоизни ва 50-100 млн сўмгача бўлган кредитлар ҳар бирининг улуши 7 фоизни ташкил этган.
Жорий йилнинг III чораги якунида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50 млн сўмгача ва 300 млн сўмдан юқори бўлган кредитлар улуши 2 фоиз бандга, 100-200 млн сўмгача ва 200-300 млн сўмгача бўлган ажратилган кредитлар улуши 1 фоиз бандга, ошган бўлса, 50-100 млн сўмгача бўлган кредитлар улуши 6 фоиз бандга камайган.
Микромолия ташкилотларида субъект турлари бўйича жорий йилнинг сентябрь ойида жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзларнинг фоиз ставкалари 40,3-109,5 фоиз коридорида, ЯТТ ва юридик шахсларга ажратилган микрокредитлар 24-65 фоиз коридорида шаклланган бўлиб, йиллик ўртача тортилган фоиз ставкалари мос равишда 54,8 ва 47,9 фоизни ташкил этган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзларнинг 0,01 фоизи (85 млн сўм) энг қуйи чегара – йиллик 29 фоиздан, 1,3 фоизи (8,7 млрд сўм) энг юқори чегара – йиллик 109,5 фоиздан ажратилган бўлса, юридик ва ЯТТларга ажратилган микрокредитларнинг 2,1 фоизи (900 млн сўм) энг қуйи чегара (йиллик 24 фоиздан), 0,03 фоизи (15 млн сўм) энг юқори чегарада йиллик 65 фоиздан ажратилган.
Ломбардлар томонидан сентябрь ойида жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзларнинг фоиз ставкалари 60-109,5 фоиз коридорида шаклланган бўлиб, йиллик ўртача тортилган фоиз ставкаси 97,2 фоизни ташкил этган.
2025 йилнинг сентябрь ойи давомида ломбардлар томонидан ажратилган микроқарзларнинг 0,1 фоизи (287 млн сўм) энг қуйи чегарага (йиллик 60 фоиздан) ва 45,7 фоизи (116 млрд сўм) энг юқори чегарага (йиллик 109,5 фоиздан) тўғри келади.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг активлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ортиб, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига 10,6 трлн сўмни ташкил этган. Бунда, микромолия ташкилотларининг активлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 трлн сўмга ўсиб, 9,9 трлн сўмга етган бўлса, ломбардлар активлари 215 млрд сўмга ошиб, 670 млрд сўмга етган.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар жами активларининг 93 фоизи (9,8 трлн сўми) кредит қўйилмалари ҳиссасига тўғри келиб, активлар ўсиши нобанк кредит ташкилотлари кредит қўйилмаларининг 1,5 баробарга ўсиши ҳисобига юзага келган. Натижада, 2025 йилнинг III чораги якунида микромолия ташкилотлари ва ломбардлар кредитларининг барча кредит ташкилотлар умумий кредит қолдиғидаги улуши 1,7 фоизга етди.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи ўтган бир йилда 1,3 баробарга ошиб, 8,6 трлн сўмни, шунингдек тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар қолдиғи 6,2 баробарга ошиб, 1,2 трлн сўмни ташкил этган.
Бунда, тадбиркорлик субъектларига ажратилган микрокредитлар қолдиғи қарийб 7,4 баробарга кўпайиб, 1,1 трлн сўмга, факторинг хизматлари ҳажми 3,3 баробарга ошиб, 137 млрд сўмга етган бўлса, лизинг хизматлари ҳажми 26 фоизга камайиб, 8 млрд сўмни ташкил этган.
Микромолия ташкилотларида муаммоли кредитлар қолдиғи (NPL) жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 380 млрд сўм ёки 4,1 фоизни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 196 млрд сўм ёки 1,7 фоиз бандга ошган.
Бунда, йил бошига нисбатан “шубҳали” кредитлар 2,2 баробарга (185 млрд сўмга) ошган бўлса, “умидсиз” кредитлар 46 фоизга (11 млрд сўмга) кўпайган.
Муаммоли кредитларнинг (NPL) 344 млрд сўми (90 фоиз) шубҳали, 36 млрд сўми (10 фоиз) умидсиз кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур муаммоли кредитларнинг 64 фоизи “Тезкойн” (107 млрд сўм) ва “Шаффоф-молия” (138 млрд сўм) микромолия ташкилоти ҳиссасига тўғри келган.
Муаммоли кредитларни қоплаш коэффициенти (NPL coverage ratio) жорий йил бошига нисбатан 2 фоиз бандга камайган ҳолда, 2025 йил III чораги якуни бўйича 55 фоизни ташкил этган.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг жами мажбуриятлари 2025 йилнинг III чораги якунида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга (2,5 трлн сўмга) ошиб, 7,1 трлн сўмни ташкил этган. Хусусан, микромолия ташкилотларининг мажбуриятлари 54 фоизга (2,4 трлн сўмга) ошиб, 6,9 трлн сўмни, ломбардларда эса 45 фоизга (45 млрд сўмга) кўпайиб, 146 млрд сўмни ташкил этган.
Микромолия ташкилотлари жами мажбуриятларининг 16 фоизи (1,1 трлн сўм) таъсисчилар, 31 фоизи (2,1 трлн сўм) тижорат банклари, 5 фоизи (390 млрд сўм) халқаро молия институтлари, 28 фоизи (1,9 трлн сўм) маҳаллий компаниялардан, 4 фоизи (281 млрд сўм) облигацияларни жойлаштириш ва 16 фоизи (1,1 трлн сўм) бошқа мажбуриятлар ҳисобидан шаклланган.
Бунда, мажбуриятлар таркибида маҳаллий компаниялардан жалб этилган маблағлар 4,2 баробар (1455 млрд сўм), облигацияларни жойлаштиришдан келган маблағлар 2,9 баробарга (185 млрд сўм), таъсисчилар маблағлари 35 фоизга (294 млрд сўм), халқаро молия институтлари маблағлари 19 фоизга (61 млрд сўм) ва тижорат банклари ресурслари 4 фоизга (77 млрд сўм) ошган.
Ломбардларнинг жами мажбуриятлари 2025 йил 1 октябрь ҳолатига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ошган ҳолда 146 млрд сўмни ташкил этиб, унинг 62 фоизи (91 млрд сўм) таъсисчилар, 14 фоизи (20 млрд сўм) тижорат банкларидан жалб этилган маблағлар ва 24 фоизи (35 млрд сўм) бошқа мажбуриятлар ҳисобидан шаклланган.
Бунда, ломбардлар жами мажбуриятлари таркибида таъсисчилар маблағлари 2,3 баробарга (51 млрд сўм) кўпайган бўлса, тижорат банклари ресурслари 3 фоизга (1 млрд сўм) ва бошқа мажбуриятлари 14 фоизга (6 млрд сўм) камайган.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар жами капитали ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга (1,1 трлн сўм) кўпайиб, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига 3,5 трлн сўмга етган. Бунда, микромолия ташкилотларининг жами капитали 1,4 баробарга (891 млрд сўм) ошиб, 3 трлн сўмни ва ломбардларда 1,5 баробарга (170 млрд сўм) ўсиб, 524 млрд сўмни ташкил этган.
Бунда, микромолия ташкилотларининг жами капитали ўсишида устав капиталининг 551 млрд сўм (48 %), жорий йил фойдаси 67 млрд сўм (13 %), захира капитали 34 млрд сўмга (35 %), тақсимланмаган фойда 230 млрд сўмга (72 %) ҳамда қўшилган капитал 9 млрд сўмга ошиши, ломбардларда эса устав капиталининг 57 млрд сўм (57 %), жорий йил фойдаси 47 млрд сўм (37 фоиз), тақсимланмаган фойда 64 млрд сўм (55 фоиз) ҳамда захира капиталининг 2 млрд сўмга (18 фоиз) ўсиши ҳисобига юзага келган.
Шунингдек, 2025 йилнинг III чораги бўйича ўтган йилнинг мос даврига нисбатан хориж капитали иштирокидаги микромолия ташкилотларининг устав капитали 2,9 баробарга (172 млрд сўм) ва ломбардларда эса 3,7 баробарга (49 млрд сўм) ошган.
2025 йил январь-сентябрь ойлари якунлари бўйича микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг жами даромадлари 3,7 трлн сўмни, жами харажатлари 3 трлн сўмни ташкил этиб, жами 762 млрд сўм миқдорида соф фойда олинган.
Бунда, микромолия ташкилотларида жами даромадлар 3,4 трлн сўмни, жами харажатлар 2,8 трлн сўмни ва соф фойда 590 млрд сўмни ташкил этган бўлса, ломбардларда эса жами даромадлар 363 млрд сўмни, харажатлар 191 млрд сўмни ташкил этиб, 172 млрд сўм миқдорида соф фойда олинган.
Микромолия ташкилотларида активлар рентабеллик кўрсаткичи (ROA) 2024 йилнинг III чорагига нисбатан 0,1 фоизга камайиб, таҳлил санасида 19 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, капитал рентабеллик кўрсаткичи (ROE) 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга ошиб, 2025 йилнинг III чораги якуни бўйича 38,5 фоизга етган.
Мазкур ҳолат микромолия ташкилотлари соф фойдасининг активлар ва капитал кўрсаткичлари ўсиш суръатига нисбатан номутаносиб равишда ўсиши билан изоҳланади.
Бунда, микромолия ташкилотларининг жами ўртача активлари ва капитали 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2025 йилнинг III чорагида мос равишда 1,7 баробар ва 1,4 баробарга ошган бўлса, соф фойданинг ўсиши 50 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, ломбардларда активлар рентабеллик кўрсаткичи (ROA) 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга камайиб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 55,4 фоизни ташкил этган бўлса, капитал рентабеллик кўрсаткичи (ROE) ўтган йилнинг III чорагига нисбатан 0,6 фоизга камайиб, ҳисобот санасида 51,9 фоизга етган.