Ўзбекистонда микромолия, ломбард ва факторинг компанияларига исломий молия маҳсулотларини таклиф этишга рухсат берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда микромолия ва факторинг ташкилотларига расман исломий молия тамойиллари асосида хизматлар кўрсатишга рухсат берилди. Бу бўйича тегишли низом 20 октябрь куни Марказий банк томонидан тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, компаниялар исломий молия хизматларининг турли шаклларини амалга оширишлари мумкин. Жумладан, мудароба (фойдада улуш эвазига бизнесни молиялаштириш), мурабаха (товарни бўлиб-бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш), мушорака (фойда ва зарарни бўлишув асосида шерикчилик), салам (олдиндан тўлов асосида молиялаштириш) ҳамда исломий ижара хизматларини кўрсатиш имконияти яратилди.
Ташкилотлар Марказий банкка ҳар ойда исломий хизматлар бўйича ҳисобот тақдим этиб бориши шарт. Шунингдек, улар актив ва мажбуриятлари, аффилирланган шахслар билан операциялар ҳамда йирик таваккалчиликлар ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этиши лозим.
Агар актив умидсиз деб топилса, у ҳолда уч иш куни ичида резервлар ҳисобидан ҳисобдан чиқарилиши керак.
Бундай ташкилотлар учун капитал етарлилик коэффициенти камида 10 фоизни ташкил этиши лозим. Бу кўрсаткич жами ўз капитали билан умумий активлар нисбати сифатида аниқланади.
Илгари ушбу талаб фақат микромолия ташкилотларига татбиқ этилган бўлса, энди у ломбардлар ва факторинг компанияларига ҳам қўлланилади.