Ўзбекистонда депутатлар болалар порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жазолаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларни жинсий зўравонликлардан ҳимоялаш, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш муддатларини аниқ белгиловчи ўзгартиришлар киритиляпти.
Мунозаралар давомида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилгани, жумладан, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқшунос ва олимлар иштирокида бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилгани қайд этилди.
Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.