Ўзбекистонда БФҚларни божсиз олиб кириш меъёрлари оширилди
Ўзбекистонда БФҚларни божсиз олиб кириш меъёрлари оширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда шахсий фойдаланиш учун биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) божсиз олиб кириш меъёрлари қайта кўриб чиқилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати 9 апрель куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорига таяниб хабар берди.
Янгиланган қоидаларга кўра, жисмоний шахслар эндиликда хориждан БАДларнинг 10 тагача турини биринчи (завод) ўрамда олиб кириши мумкин. Бунда ҳар бир турдан фақат битта ўрамга рухсат этилади ва умумий оғирлик 3 килограммдан ошмаслиги керак.
Аввал божсиз олиб кириш меъёрлари маҳсулот шаклига қараб фарқ қилар эди. Жумладан, суюқ БФҚлар ва сироплар учун 10 та флаконгача, кукун шаклидаги маҳсулотлар учун 0,5 килограммгача, таблетка ва капсулалар учун 100 донадан, қуритилган ўсимлик шакллари (гул, поя ва илдизлар) учун эса 0,5 килограммгача чеклов белгиланган эди.
Божхона қўмитасида қайд этилишича, аввал таблетка ёки капсула шаклидаги маҳсулотларни 100 донагача олиб киришга рухсат берилган бўлса-да, амалда бир ўрамда 100 дан ортиқ маҳсулот бўлиши ҳолатлари учраб, бу назорат жараёнида мураккабликлар келтириб чиқарган.
Идорада таъкидланишича, меъёрларни тузатишда фуқароларнинг таклифлари ва реал эҳтиёжлари, шунингдек, назорат функцияларини сақлаган ҳолда божхона маъмуриятини соддалаштириш зарурати инобатга олинган.