Ўзбекистонда аёлларнинг 93 фоизидан ортиғи интернетдан фойдаланмоқда — Миллий статистика қўмитаси маълумотлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда аёлларнинг 93,1 фоизи интернетдан фойдаланади.
Миллий статистика қўмитаси томонидан 2025 йил январь–август ойларида ўтказилган уй хўжаликларини танланма ўрганиш натижасига кўра, интернетдан фойдаланувчи аёллар улуши 93,1 фоизга етган бўлса, эркаклар орасида бу кўрсаткич 95,3 фоизни ташкил этди.
Мамлакатда аёлларнинг рақамли фаоллик даражаси барқарор ўсишда давом этмоқда. Агар 2021 йилда аёллар орасида интернетдан фойдаланувчилар 72,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу рақам 81 фоизга, 2023 йилда 87,3 фоизга, 2024 йилда эса 92,4 фоизга етган.
Шу каби тенденция эркаклар орасида ҳам кузатилмоқда: уларнинг улуши 2021 йилдаги 80,6 фоиздан жорий йилда 95,3 фоизгача ўсди.
Бу кўрсаткичлар Ўзбекистонда аҳоли рақамли саводхонлигини ошириш ва интернетга кириш имкониятларини кенгайтириш, жумладан қишлоқ ва чекка ҳудудларда ҳам имкониятлар яратиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарасини акс эттиради.