Ўзбекистон ва Япония суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Япония суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 ноябрь куни Адлия вазирлиги бошчилигидаги делегациянинг маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Японияга уюштирилган ташрифи доирасида Токио шаҳрида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Унда делегация аъзолари Япония парламенти аъзоси Кейсуке Сузуки билан мулоқот қилдилар.
Учрашув давомида Кейсуке Сузуки 2025 йилнинг май ойида Япония адлия вазири сифатида фаолият юритган даврида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи ҳақида тўхталиб, ташриф доирасида эришилган натижа ва келишувларни юксак баҳолади.
У икки давлат ўртасида шаклланиб бораётган конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада кучайтириш тарафдори эканини таъкидлади.
Мулоқот давомида томонлар маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида замонавий ёндашувларни жорий этиш, қонунчиликни рақамлаштириш, давлат хизматларининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш каби қатор долзарб йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳуқуқий соҳадаги дўстона ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.