Ўзбекистон ва Хитой саноат ва инфратузилмадаги янги лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 9-11 апрель кунлари Хитойнинг Тянсзин шаҳрида бўлиб ўтаётган Барқарор ривожланиш соҳасида саноат ҳамкорлиги бўйича Хитой-ШҲТ конференциясида Ўзбекистондан саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Форум доирасида делегация Хитой Халқ Республикаси Савдо вазири ўринбосари Лин Чжи, Хитой-Европа иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси раҳбари Лей Вентао ва CITIC раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда Ўзбекистондаги каналларни бетонлаштириш лойиҳалари бўйича Эксимбанкнинг имтиёзли кредитларини ажратиш, йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Хитой билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, банк-молия секторидаги шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, савдо ва транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари муҳокама қилинди.