Ўзбекистон ва Туркия экспортни кенгайтиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Туркия экспортни кенгайтиришни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов Туркия Экспортчилар Ассамблеясининг Глобал бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Ўзкан Алтунташ бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Туркия Экспортчилар Ассамблеяси (TİM) — Туркияда экспорт фаолиятини мувофиқлаштирувчи асосий ташкилот ҳисобланади. У 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 27 та иқтисодий тармоқни, 61 та экспортчилар уюшмасини ҳамда 150 мингдан ортиқ экспортчи компанияларни бирлаштирган.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро экспорт-импорт ҳажмини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, жорий йилнинг 6–9 апрель кунлари Туркия Экспортчилар Ассамблеясининг ишбилармон тадбиркорлардан иборат делегациясининг Ўзбекистонга амалга оширилиши режалаштирилган ташрифини юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.