Ўзбекистон ва Словения қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол имзоладилар
Ўзбекистон ва Словения қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ҳамда Словения ўртасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган муҳим тарихий қадам – Ҳукуматлараро комиссиянинг дастлабки йиғилиши Словениянинг гўзал Любляна шаҳрида бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Комиссия ишига Словения Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва Европа ишлари бўйича вазир Таня Фаён, Ўзбекистон томонидан эса Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамраислик қилди.
Йиғилиш давомида томонлар савдо-иқтисодий муносабатлар, инвестициялар, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, сув ресурсларини бошқариш, фармацевтика, таълим, туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини кенгайтириш бўйича атрофлича фикр алмашдилар.
Қишлоқ хўжалиги йўналиши учрашувда алоҳида эътибор марказида бўлиб, томонлар бу соҳада ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ҳам белгилаб олди.
Хусусан, асаларичилик ва ундан олинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор қишлоқ хўжалиги тизимларини кенг жорий этиш, уруғчилик ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва механизациясини модернизация қилиш ҳамда илғор технологияларни трансфер қилиш, шунингдек, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни қўшма равишда ривожлантириш келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида қайд этилди.
Йиғилиш ниҳоясида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Словения Республикаси Қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва озиқ-овқат вазирлиги ўртасида олдин имзоланган ҳамкорлик келишуви томонлар ўртасида расмий равишда алмашилди. Шунингдек, комиссиянинг 1-сессияси бўйича протокол имзоланди ва келгуси давр учун аниқ иш режаси ҳамда устувор йўналишлар белгилаб олинди.