Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида янги ҳамкорлик истиқболлари белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Саудия Арабистонининг “Al Muhaidib Group” компанияси инвестициялар директори Абдулла ал Муҳаидиб бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мазкур учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, агробизнес соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Саудия Арабистони агробизнес вакилларининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги иштирокини кенгайтириш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш, шунингдек, чорва озуқаси ва ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги истиқболли таклифлар илгари сурилди. Томонлар янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича дастлабки келишувга эришдилар.
Учрашув якунида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, истиқболдаги аниқ лойиҳалар ва таклифларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилгани Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очилишидан далолат беради.