Ўзбекистон ва Қувайт ЮНEСКОнинг 43-сессиясида ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 4 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоевнинг Қувайт Давлати таълим вазири Саййид Жалол ал-Табтабаий билан учрашуви бўлиб ўтди.
Юқори мартабали меҳмон Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси самарали музокаралар ва манфаатли келишувларга бой бўлганини қайд этиб, яратилган имкониятлар учун Ўзбекистонга чексиз миннатдорлик билдирди.
Вазир Ўзбекистон Президентининг жорий йил февраль ойида Қувайтга амалга оширган расмий ташрифига алоҳида тўхталиб, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган олий даражадаги мулоқот ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очганини таъкидлади.
Суҳбат давомида маданият, таълим, илм-фан ва рақамли технологиялар йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди ҳамда Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига қўшган бой маданий меросини биргаликда ўрганиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.