Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров бошчилигидаги делегация Покистон Ислом Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Покистон Бош вазири офисида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда Покистон Махсус инвестицияларни мувофиқлаштириш кенгаши (SIFC) котиби Сажид Меҳмуд Қозий, Покистон Ислом Республикаси Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Мусаддик Ахмед Хан, Покистон Бош вазири департаментининг қишлоқ хўжалиги бўйича мувофиқлаштирувчиси Аҳмад Умар, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро инвестицияларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва агробизнес йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида имзоланиши режалаштирилаётган ҳамкорлик битими лойиҳаси юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Шунингдек, учрашув доирасида Покистон томони “Green Pakistan” миллий ташаббусининг учинчи босқичи бўйича махсус тақдимот ўтказди. Унда мазкур ташаббуснинг асосий мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда Ўзбекистон билан амалий ҳамкорлик имкониятлари намойиш этилди.
Умуман олганда, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, ўзаро инвестицияларни кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди.