Ўзбекистон ва Озарбайжон икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Озарбайжон икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик қўмитасининг қўшма мажлиси Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида эришилган икки томонлама келишувларнинг ижросига бағишланди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, масъул вазирлик ва идоралар, уюшмалар, ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар, имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ва тасдиқланган “йўл хариталари”нинг ижроси юзасидан қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Муҳокама давомида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестиция, кооперация лойиҳаларининг ижросини жадаллаштириш, транспорт-логистика, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма ташаббусларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, масъул вазирлик ва идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, мавжуд муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш, келишувлар ижроси устидан парламент назоратини фаоллаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Мажлис якунлари бўйича Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида эришилган келишувларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш ҳамда уларни тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган тегишли қарор ва тавсиялар қабул қилинди.