Ўзбекистон ва Озарбайжон 2025–2026 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси дастурини тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 20 июнь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш ҳамда чуқурлаштиришга қаратилган тадбирларда иштирок этди.
Ташриф дастурига мувофиқ дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 14-йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микайил Жаббаров раҳбарлик қилдилар.
Йиғилишни очар экан, Ўзбекистон делегацияси раҳбари иштирокчиларни самимий қутлаб, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона ва ишончга асосланган муносабат туфайли изчил мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон-Озарбайжон алоқаларини юксак даражада эканини таъкидлади.
Тадбир давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатидаги қўшма лойиҳалар каби стратегик шерикликни ташкил этувчи асосий йўналишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегациясининг Туркий давлатлар савдо ва инвестиция ҳамкорлиги кўргазмаси ва форумидаги иштироки алоҳида қайд этилди. Тадбирда "Made in Uzbekistan" стендида 50 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилди. Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 40 фоизга ошгани қайд этилди.
Шунингдек, турар жой ва туризм объектлари қурилиши, логистика маркази, пахта ва сут кластерлари ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланди. 360 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 15 лойиҳани молиялаштиришда иштирок этаётган Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компаниясининг фаолияти юқори баҳоланди.
Қъшма комиссиянинг йиғилишида бир қатор ташаббуслар келишиб олинди. Улар қаторида ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси, 2025–2026 йиллар учун Саноат кооперацияси дастури, икки йиллик савдо миссиялари жадвали, Тошкент ва Боку шаҳарларида савдо уйлари ва шоу-румлар очилиши, икки давлат тадбиркорлар кенгашини ташкил этиш ҳамда минтақалараро транспорт йўлакларини ривожлантириш, ипакчилик, пахтачилик ва сутни қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишлар мавжуд.
Лазиз Кудратовнинг сафари III Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлараро форуми иштироки билан давом этди. Унда икки давлатнинг 50 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди. Форум доирасида ҳудудлар раҳбарлари ва етакчи компаниялар иштирокида B2B учрашувлар ўтказилиб, минтақавий даражадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан келишувларга эришилди.
Ташриф якунида вазир бир қатор йирик озарбайжон компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ва қўшма инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.