Ўзбекистон ва Мусулмонлар савдо форуми ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Мусулмонлар савдо форуми ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Мусулмонлар савдо форуми ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Лондонда ўтказилаётган ишбилармонлик тадбирлари доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ҳамда Буюк Британиянинг Мусулмонлар савдо форуми (MTF) раиси Иқбол Сакрани ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввал имзоланган ҳамкорлик меморандумининг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди.

Muslim Trade Forum (MTF) Буюк Британиядаги фаол бизнес нетворкинг платформаларидан бири бўлиб, турли соҳалардаги тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиради ва халқаро алоқаларни кенгайтиради. Платформа орқали бир қатор давлатлар бизнес доиралари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, у Буюк Британиядаги йирик истеъмол бозорига чиқиш учун самарали майдон вазифасини ўтайди.

Учрашувда томонлар бизнес алоқаларини кенгайтириш, янги бозор имкониятларини аниқлаш ҳамда тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар натижасида қуйидаги амалий келишувларга эришилди: MTF томонидан тадбиркорлар делегациясини Ўзбекистонга юбориш, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бизнес-форумлар ва B2B учрашувлар ташкил этиш, маҳаллий маҳсулотлар учун экспорт буюртмаларини шакллантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятини Буюк Британия бозорида тарғиб қилиш ва мамлакат брендини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Алоҳида қайд этилганидек, ташкилот аъзолари орасида Афғонистон бозорига қизиқиш юқори бўлиб, бу Ўзбекистоннинг минтақавий логистика ва савдо маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш ва қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг