Ўзбекистон ва Миср қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестиция ташаббусларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Миср қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестиция ташаббусларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тамер Фатҳи Абдуссалом Ҳаммад билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, мавжуд лойиҳалар самарадорлигини ошириш ҳамда истиқболдаги ташаббусларни жадаллаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашувда аввало қўшма лойиҳаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилинди. Хусусан, шакар ишлаб чиқариш йўналишида йўлга қўйилган ташаббусларни кенгайтириш, экспорт-импорт кўрсаткичларини ошириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Томонлар аграр таълим соҳасида илмий алмашинув, малака ошириш дастурларини кучайтириш зарурлигини қайд этиб, Ўзбекистон ва Миср ўқув муассасалари ўртасида бевосита ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Пахтачилик, генетика ва селекция каби юқори қўшимча қийматли йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Мазкур соҳаларда тажриба алмашиш, қўшма илмий марказлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида алоқаларни фаоллаштириш, инвестицион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аграр тармоқларда амалий кооперация лойиҳаларини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув якунида томонлар келгусида аграр ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида аниқ қадамларни белгилаб олишди.