Ўзбекистон ва Миср фармацевтика саноати соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга интилади
Ўзбекистон ва Миср фармацевтика саноати соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга интилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов Миср Араб Республикасининг давлат фармацевтика холдинг компанияси ACDIMA раиси Олфат Гораб билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар фармацевтика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини, жумладан дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери ҳамда Миср фармацевтика маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорида янада кенгроқ тақдим этилиши масалалари муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун минтақавий хаб сифатидаги юқори салоҳияти қайд этилди.
Алоҳида эътибор ўзбек фармацевтика компаниялари иштирокида қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш имкониятларига қаратилди. Шу доирада тартибга солиш жараёнларини такомиллаштириш ва фармацевтика маҳсулотларини бозорга чиқариш муддатларини тезлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон томони ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар фармацевтика соҳасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва истиқболли йўналишлар бўйича мазмунли ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.