Ўзбекистон ва Корея таълим соҳасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Корея таълим соҳасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Корея–Ўзбекистон университет ректорларининг II форуми” доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директори Узоқбой Бегимқулов Корея Республикаси Таълим вазири ўринбосари Пак Сон Мин билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги махсус стратегик шериклик муносабатлари таълим йўналишида изчил ривожланаётгани қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистонда Корея ОТМлари филиалларининг фаолияти, корейс тили марказлари сонининг ортиб бораётгани, корейс тилини ўрганаётган талабалар кўпайгани ҳамда Жанубий Кореяда 16 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабаларнинг таҳсил олаётгани ҳамкорликнинг самарали натижалари сифатида эътироф этилди.
Пак Сон Мин Корея ҳукумати хорижий талабалар учун мамлакатда қулай таълим ва яшаш шароитлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Таълимда сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатиш бўйича Ўзбек–Корея маркази”ни ташкил этиш ташаббуси Корея томонидан қўллаб-қувватланиб, тегишли экспертлар томонидан кўриб чиқилиши билдирилди.
Учрашувда Ректорлар форумини мунтазам – ҳар икки йилда бир марта ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур таклиф икки давлат таълим вазирликлари ўртасидаги Англашув меморандуми лойиҳасига киритилиши режалаштирилмоқда.
Пак Сон Мин, шунингдек, Ўзбекистонда корейс тилини ривожлантиришга кўмак бериш мақсадида бошланғич ва ўрта таълим мактабларига корейс тили ўқитувчиларини юбориш, Корея бурчакларини ташкил этиш ва ўқув қўлланмаларини етказиб бериш борасида тайёрлигини билдирди. Корейс тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича тренинглар Тошкентда, амалий дарслар эса Жанубий Кореяда ташкил этилиши маълум қилинди.