Ўзбекистон ва Ироқ савдо алоқаларини ривожлантиришга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Ироқ савдо алоқаларини ривожлантиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегациясининг Ироқнинг Бағдод шаҳрига амалга оширилган ишчи ташрифи доирасида Ироқ Савдо вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Ғассан Ҳамид билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов, мамлакатимизнинг Ироқдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аюбхон Юнусов иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ироқ бозорига чиқишда логистика ва божхона жараёнларини соддалаштириш, тариф ва нотариф тўсиқларни камайтириш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича талабларни уйғунлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, икки томон тадбиркорларининг 1–7 февраль кунлари Бағдодда бўлиб ўтадиган Бағдод Халқаро кўргазмасининг 49-сессиясида фаол иштирок этишига келишиб олди. Бу тадбир Ўзбекистон компаниялари учун янги шартномалар, ҳамкорлик лойиҳалари ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини яратади.
Учрашув якунларида савдо алоқаларини ривожлантириш, бизнес учун қулай шарт-шароит яратиш ва амалий натижаларга эришиш мақсадида мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.