Ўзбекистон ва Henan Investment Group стратегик соҳаларда сармоявий шерикликни чуқурлаштиришни мақсад қилган
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Хитойнинг “Henan Investment Group” компанияси бош директори Чжу Хонбин бошчилигидаги делегация билан учрашди.
1992 йилда ташкил этилган Henan Investment Group молиявий хизматлар кўрсатишга, шунингдек, саноатнинг устувор ва ривожланаётган йўналишларига сармоя киритишга ихтисослашган.
Томонлар экология, энергетика, транспорт ва логистика каби стратегик соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар. «Яшил» трансформация доирасида илғор технологияларни жорий этиш, қўшма ишлаб чиқариш ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар инвестициялар соҳасида муносабатларни чуқурлаштиришга ҳамда янги қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича аниқ йўналишларни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.