Ўзбекистон ва Германия ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Германия ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Акрам Алиев Германия ташқи савдо палатасининг Ўзбекистондаги бош директори Малика Акрамова ҳамда Германия-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик бюроси директори Ноёбжон Аҳмаджонов билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга янги немис компанияларини жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.
Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг 10-йиғилишига тайёргарлик кўриш ҳамда унинг доирасида Тошкентда ўтказиладиган “Германия иқтисодиёти кунлари” тадбирига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда ўзаро ишбилармонлик алоқаларини янада кенгайтиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
2025 йил якунларига кўра мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13,2 фоизга ўсиб, 1 427,7 миллион долларни ташкил этди, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми эса 6,4 миллиард долларга етди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Германия капитали иштирокидаги 221 та корхона фаолият юритмоқда.