Ўзбекистон ва Франция қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Франция қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Уалид Фук, шунингдек, Тараққиёт учун агрономик тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорлик маркази — CIRADнинг етакчи тадқиқотчилари М. Гибан ва М. Серри билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки томонлама илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалигининг бир қатор устувор йўналишларида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, аграр соҳага инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда истиқболли йўналишларда илғор тажрибаларни қўллаш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигининг амалдаги лойиҳалари кўриб чиқилиб, уларни келгусида кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳозирги ташаббуслар икки давлат илмий салоҳиятини бирлаштириш, барқарор қишлоқ хўжалиги тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, томонлар илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш, қўшма тажриба майдонларини ташкил этиш, аграр соҳада инновацион ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.
Франциялик экспертлар Ўзбекистоннинг аграр ислоҳотларини юқори баҳолаб, CIRAD ушбу жараёнда фаол шерикликка тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон–Франция аграр ҳамкорлигини янги мазмун билан бойитиш, яқин йилларда қўшма лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш борасида ўзаро келишувга эришилди.