Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШ Экспорт-импорт банки (US EXIM Bank)нинг Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича бизнесни ривожлантириш менежери Жоҳн Аҳн ҳамда “Valmont Industries” компанияси вакилларини қабул қилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида замонавий суғориш технологияларини кенг жорий этиш, йирик инфратузилмавий ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 80 йилдан ортиқ тажрибага эга “Valmont Industries” компанияси қишлоқ хўжалигида илғор суғориш технологиялари ва муҳандислик инфратузилма ечимлари билан танилган глобал етакчи ҳисобланади.

Ҳозирга қадар компания билан ҳамкорликда Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий 1569 гектар майдонда 33 та замонавий Center Pivot суғориш тизими жорий этилди. Хусусан, Жиззах вилоятида 1300 гектарда 27 та, Тошкент вилоятида эса 269 гектарда 6 та лойиҳа амалга оширилди.

Шунингдек, Бухоро вилоятида амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳа алоҳида эътибор марказида бўлди. Лойиҳа дастлабки босқичда Пешку, Ғиждувон ва Қоровулбозор туманларида 10 минг гектар майдонни қамраб олмоқда. Келгусида уни 100 минг гектаргача кенгайтириш режалаштирилган.

Томонлар US EXIM Bank билан ҳамкорликда мазкур лойиҳаларни молиялаштириш, инновацион суғориш технологияларини кенг жорий этиш ҳамда аграр инфратузилмани ривожлантириш истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида томонлар илғор технологияларни жорий этиш ва инвестицион лойиҳаларни изчил амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг