Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти делегациясининг Афғонистонга амалий ташрифи доирасида Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Мавлави Аттауллох Омари ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда асосий эътибор аграр соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди. Томонлар қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, янги йўналишларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан илгари сурилган таклифлар кўриб чиқилди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қатор амалий таклифларни илгари сурди:
наслдор парранда тухумлари, уруғлар ва кичик ҳажмли қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш;
афғон мутахассисларини Андижон тажрибаси асосида ўқитиш;
чорвачилик ва гўшт маҳсулотлари импортини ривожлантириш.
Афғонистон томони ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, қуйидаги таклифларни билдирди:
қўшма чорвачилик фермаларини ташкил этиш ва етиштирилган маҳсулотларни Ўзбекистонга экспорт қилиш;
Андижон вилоятидан паррандачилик маҳсулотлари ва тухум етказиб беришни йўлга қўйиш;
Андижонда ишлаб чиқарилган тракторларни Афғонистонга импорт қилиш.
Шунингдек, афғон тадбиркорлари учун экспорт-транзит коридорларини очиш масаласи ҳам кўтарилди. Томонлар мазкур йўналишни янада чуқур ўрганиш ва амалий чоралар кўришга келишиб олдилар.