Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги делегация Қобул шаҳрида Афғонистоннинг Дори воситалари ва озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси (AFDA) раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистондан Афғонистонга фармацевтика маҳсулотлари экспорти жараёнида юзага келаётган муаммолар муҳокама қилинди. Хусусан, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг узоқ давом этаётгани асосий тўсиқлардан бири сифатида қайд этилди.
Агентлик директори томонидан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан: Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларини Афғонистонда тарғиб қилиш мақсадида “showroom” ташкил этиш, маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Афғонистонда ўтказиладиган давлат харидларида (тендерларда) иштирокини таъминлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт ҳажмини ошириш.
Шунингдек, Афғонистоннинг йирик фармацевтика дистрибьюторлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулот номенклатурасини кенг тарғиб этиш ҳамда икки томонлама техник ишчи гуруҳ ташкил этиш таклиф этилди.
Томонлар мазкур ташаббуслар доирасида ўзаро ахборот алмашувини кучайтириш, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш ва истиқболда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.