Ўзбекистон Сенати Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларни тенглаштириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 11-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартномани (Хўжанд, 2025 йил 31 март) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Шартнома Марказий Осиёдаги уч қўшни давлат — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон — давлат чегаралари туташган нуқтасини аниқ белгилаб, унинг ҳуқуқий асосларини халқаро ҳужжат даражасида мустаҳкамлайди ҳамда қўшни давлатлар билан чегара масалаларини ҳал этишда изчил ва ҳуқуқий асосланган ёндашувни акс эттиради.
Маълумки, ушбу тарихий Шартнома Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ташаббуслари ва саъй ҳаракатлари билан имзоланган эди.
Ҳужжат уч томонлама келишувларни институционал даражада мустаҳкамлаб, минтақада ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ҳамда давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши қўшничалик ва дўстликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Шартнома Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, қардош халқлар ўртасидаги ишонч ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.