Валюта курслари 28/08/2025
$1 – 12412.98
UZS – 0.47%
€1 – 14386.64
UZS – 0.01%
₽1 – 154.28
UZS – 0.23%
Қидириш
Ўзбекистон 27/08/2025 Ўзбекистон Президенти Япония ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Япония ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Япония ташқи ишлар вазири Такэси Ивая бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Япония Бош вазири Сигэру Исибанинг самимий саломи ва Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан табрикларини етказди.

Учрашувда Ўзбекистон-Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Фаол мулоқотлар давом этаётгани ва амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Бугун ўтказилган икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг Стратегик мулоқоти биринчи йиғилишининг самарали натижалари юксак баҳоланди.

Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, Япониянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 17 август куни Осака шаҳрида "EXPO 2025" бутунжаҳон кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон миллий куни муваффақиятли ўтказилди.

Сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг аниқ лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон-Япония маркази фаолиятини кенгайтириш ва келгусида унинг негизида Япониянинг етакчи университетлари иштирокида қўшма университет ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан "Марказий Осиё + Япония" форматидаги бўлажак саммитни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг