Ўзбекистон Президенти Япония билан таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон Президенти Япония билан таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токиога расмий ташрифи доирасида Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Мацумото Ёхэй, Япония фанни илгари суриш жамияти президенти Сугино Цуёси ҳамда Япониянинг Цукуба, Нагоя, Тоттори университетлари, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети, Нагоя иқтисодиёт университети каби етакчи олий таълим муассасаларининг раҳбарлари билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари Япония “иқтисодий мўъжизаси”нинг асосини ташкил этувчи таълим, фан ва инсон капиталини ривожлантиришга инвестициялар Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигининг стратегик йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Япония узоқ йиллар давомида фанга сарфланадиган харажатлар ва илмий патентлар сони бўйича етакчилар сафида туришини қайд этди. Мамлакат кўплаб атоқли олимларни, хусусан, физика, кимё ва тиббиёт соҳаларида Нобель мукофоти совриндорларини етиштириб чиқарди.
Япония мактаб таълими модели табиий фанлар ва математика бўйича кучли таянч базаси мавжудлиги, дарс ўтишнинг юқори сифати, меҳнатсеварлик, жамоа бўлиб ишлаш ва интизом маданияти билан ажралиб туради. Нуфузли япон дипломлари, айниқса, муҳандислик, робототехника, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида бутун дунёда юксак қадрланади. Японияда таълим ва фан билан саноат ва бизнес ўртасида яқин ва мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Бугунги кунда 2,8 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба Япониянинг етакчи таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Биргина JDS стипендия дастури бўйича 440 дан зиёд давлат хизматчилари Японияда ўқитилди.
Ректорлар форуми ўзаро алоқалар учун самарали майдонга айланди. Октябрь ойида Самарқандда икки мамлакатнинг қарийб 50 та университети ректорлари иштирок этган бешинчи форум муваффақиятли ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда таълим ва фанни ривожлантиришга мамлакатни жадал модернизация қилиш, унинг рақобатбардошлиги ҳамда глобал интеллектуал ва технологик маконга интеграциялашувини таъминлашнинг асоси сифатида қаралишини таъкидлади. Сўнгги 7-8 йил ичида бу соҳада салмоқли ишлар амалга оширилди. Бироқ ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар ҳам кўп.
Илм-фанни тизимли трансформация қилиш доирасида янги авлод тадқиқотчиларини шакллантириш, соҳа фаолиятини кластер модели асосида ташкил этиш, муҳим илмий йўналишлар бўйича ресурсларни жамлаш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Бугунги учрашувда қатнашган Япония университетлари мамлакатимиз учун энг долзарб бўлган сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, “яшил” энергия ва барқарор ривожланиш, сейсмология ва “ақлли шаҳар” технологиялари каби соҳалар бўйича мустаҳкам илмий-тадқиқот инфратузилмасига ва юқори илмий ҳамда педагогик салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ушбу йўналишлар бўйича Ўзбекистон университетлари билан яқин ҳамкорлик бошланган. Куни кеча қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қизғин музокаралар бўлиб ўтди ва янги келишувларга эришилди.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш учун таълим ва фан бўйича қўшма комиссия, инновациялар бўйича консорциум ташкил этиш, флагман лойиҳалар, шу жумладан ўқув жараёнига СИни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда муҳандислик мутахассисликлари бўйича ўқув дастурини ишга тушириш таклиф қилинди.
Тадбир доирасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Цукуба университети билан биргаликда Ўзбекистонда олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум ҳамда илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида бир қатор бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Эришилган келишувларни тизимли ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш учун “йўл харитаси” қабул қилинади.
#Шавкат Мирзиёев