Ўзбекистон Президенти Халқаро валюта жамғармаси билан шерикликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди.
Ушбу нуфузли глобал тузилма билан шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларга юксак баҳо бериб, ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Жамғарма билан макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мутахассисларимиз ХВЖ марказларида мунтазам равишда малака ошириш дастурларидан ўтмоқда. Жорий йилда мамлакатимиз молия соҳасининг барқарорлиги биргаликда баҳоланди ва "йўл харитаси" қабул қилинди.
Учрашув давомида пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш бўйича жамғарманинг экспертлик кўмагини давом эттириш, шунингдек, иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
#Шавкат Мирзиёев