Ўзбекистон Президенти МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
Ўзбекистон Президенти МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Санкт-Петербургдаги “Эрмитаж” давлат музейида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Санкт-Петербургдаги “Эрмитаж” давлат музейида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашдилар.
Учрашувда жорий йилдаги биргаликдаги ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро инвестициялар ўсишини рағбатлантириш ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, энергетика ва рақамлаштиришда шерикликни мустаҳкамлаш, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида маданий ва гуманитар алмашинувларни давом эттириш, хусусан, ёшларнинг ижодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.
#Шавкат Мирзиёев