Ўзбекистон Президенти ИТБ билан янги Стратегик шериклик дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида ўтаётган "Камбағалликдан фаровонлик сари" халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида ушбу нуфузли халқаро молиявий ташкилот раҳбари форум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаб, ИТБ Ўзбекистонда камбағалликни янада қисқартириш борасидаги вазифаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар стратегиясини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Банк гуруҳи билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда ИТБ билан шериклик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Қўшма лойиҳалар портфели 5 миллиард доллардан ошиб, бугунги кунда транспорт, инфратузилма, уй-жой қурилиши, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим каби устувор соҳаларни қамраб олган. Шу билан бирга, инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғи хусусий секторга тўғри келади.
Давлатимиз раҳбари ИТБ билан лойиҳалар портфелини икки баробар кўпайтириш, инфратузилма, ижтимоий соҳа ва хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини оширишни назарда тутадиган узоқ муддатли Стратегик шериклик дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Хусусий бизнес салоҳиятини рўёбга чиқариш, мамлакатимиз ҳудудларида замонавий тиббиёт марказларини барпо этиш, автомобиль йўлларини модернизация қилиш, ирригация каналларини тиклаш ва бетонлаш ҳамда бошқа йўналишларда аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
#Шавкат Мирзиёев