"Ўзбекистон": Президент: «Дунё ёшларимизнинг салоҳиятини кўряпти ва Ўзбекистон келажагига сармоя киритмоқда»
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашуви бошланди.
Давлатимиз раҳбари бутун Ўзбекистон ёшларини қутлуғ айём – Ёшлар куни билан самимий муборакбод этди.
“Кейинги йилларда иқтисодиётимиз тез суръатлар билан ўсиб, барча соҳаларда имкониятларимиз ортиб бораётганида, ҳеч шубҳасиз, сиз ёшларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор.
Билагида куч-ғайрат, ҳар бир ҳаракатида азму шижоат жўш урган йигитларимизни, билим ва одобда, ақл-заковатда тенгсиз қизларимизни кўриб, ҳар қандай халқ, ҳар қандай давлат бизга ҳавас қилса арзийди.
Катта-катта давлатлар, дунёнинг энг нуфузли компаниялари бугун бизга нега ишонмоқда? Нега миллиардлаб доллар инвестиция киритмоқда?
Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки, ҳамкорларимиз ёшларимизнинг илм-фан, таълим, IT, маданият, санъат ва спортдаги ютуқларини кўриб, салоҳиятимизга баҳо бермоқда, эртанги кунимиз пойдевори мустаҳкам эканига ишонч ҳосил қилмоқда”, - деди Президентимиз.
Президентимиз ислоҳотлар бошланган илк кунларданоқ “илм – тарбия – инновация” занжирини яратишга киришилганини, бу ҳаракатлар бугун аниқ натижалар бераётганини қайд этди.
Масалан, ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.
Билимли ёшларимиз илк бор топ-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа қайд этди.
Бугунги кунда 30 нафар ёшларимиз дунёнинг топ-10 талик олийгоҳида, 500 нафари топ-100 ва 1 минг 500 нафари топ-300 дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.
Яқинда бутун юртимизда барчамиз узоқ кутган катта футбол байрами бўлиб ўтди. Халқимизнинг 34 йиллик орзуси ушалди – миллий терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
“Яқин-яқингача умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда, бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.
Биз ёшларимиз учун шароит яратдик, улар бундан унумли фойдаланиб, баланд чўққиларни забт этмоқда.
Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда.
Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!”, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги вақтда дунё нотинч ва мураккаб бўлиб бораётганини, тинчлик – энг буюк неъмат, инсон қадри ва адолат – энг олий қадрият экани ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этилаётганини таъкидлади.
“Юксак билимли, дунёқараши кенг, замонавий фикрлайдиган, технологик саводхон ёшлари кўп бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт, ўзаро жипслик ҳамиша барқарор бўлади.
Ёшларимизга сифатли таълим ва тарбия бериш, замонавий касб ва ҳунарлар, хорижий тилларни ўргатиш, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун зарур шароитлар яратиш энг асосий вазифамиз ва бурчимизга айланган”, - деди Президент.
Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳудудини намунали қилган вилоят ва туманлар кўплиги таъкидланди.
Масалан, ёш тадбиркорларимиз ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошди.
Илгари бу борада Тошкент шаҳри якка пешқадамлик қилган бўлса, бугунга келиб Тошкент вилояти, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ёшларининг бизнесдаги натижалари пойтахтдан қолишмаяпти.
Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Хоразм ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор ҳудудларга айланди.
Ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича Сурхондарё бир йил ичида 11-ўриндан 4-ўринга кўтарилиб, катта сакраш қилди. Жиззах ва Сирдарё ҳам яхши натижа кўрсатмоқда.
Икки йил олдин халқаро фан олимпиадаларида 7 та ҳудуддан 45 нафар ўқувчи соврин олган бўлса, ўтган 6 ойда уларнинг сафига Жиззах, Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ўқувчилари ҳам қўшилиб, жами 166 та медаль қўлга киритилди.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг ёшлар ўқитилди. Айниқса, Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд ёшлари ITдан катта даромад топишни ўрганиб олди.
Бошқа бир мисол: ўтган йили 150 мингдан зиёд ёшларимиз халқаро тил сертификатлари олди, бу 2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп.
Хорижий тилларни мукаммал билиш бўйича Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Самарқанд ёшлари анча илгарилаб кетди.
“Албатта, ёшларнинг тилини ёшлар тушунади, улар бир-биридан ўрнак олади, бир-бирига мотивация беради.
Шу боис, 9 мингдан зиёд маҳаллада ёшлар етакчиларини тайинладик. Улар уч йил давомида кўп нарсани ўрганди, етарли тажриба орттирди.
Энди, улар мактаб, техникум, тил ва касб марказлари билан ҳам ишлашни ўрганиши керак”, - деди Президент.
Маҳаллаларимизда 167 минг нафар уюшмаган ёшлар, тарбияси оғир ва ҳуқуқбузарлик қилган 17 минг ўқувчи борлиги барчани ўйлантириши кераклиги қайд этилди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари янги сайланган маҳалла раисларига мурожаат қилди:
“Маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, соғлом муҳит кимга боғлиқ? Аввало, сизларга боғлиқ.
Маҳаллада битта боланинг нотўғри йўлга кириши ҳам фавқулодда ҳолат бўлиши керак. Шунинг учун, ҳар бир бола ҳақида, унинг тақдири, келажаги ҳақида аввало сизлар кўпроқ қайғуришингиз лозим”.
“Бир нарсани аниқ тушуниб олиш зарур. Болани ёмони бўлмайди. Уларга катталарнинг меҳри, имкониятларини намоён қилиш учун шароит, ўзига ишонч бўлиши учун мотивация керак”, - деди Президентимиз сўзининг давомида.
Мисол учун, Тадбиркорлик жамоатчилик кенгаши аъзолари – 108 нафар “чемпион” тадбиркор ўзларининг 308 та корхонаси атрофидаги мактабларга бориб, юқори синф ўқувчиларини касбга қизиқтираётгани мамнуният билан қайд этилди.
Энг муҳими, бу ўқувчиларнинг аксарияти келажакда ҳаётини қайси касбга боғлаш ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоқда.
“Бундай ташаббускор, фидойи, ватанпарвар тадбиркорлар – менинг қанотларим.
Айтинг, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни касбга етаклаш, ишли ва даромадли қилиш учун сизларга яна қандай шароит қилиб берай?
Катта-катта тадбиркорларимиз ҳокимлар билан учрашиб, таклифларини тез кунда шакллантириб берсалар, буларни барчасини кўриб чиқишга тайёрман”, - деди Президент.
Республика бўйича 15 мингга яқин ўқув ва 7,5 мингта касбга тайёрлаш марказлари мавжуд. Сўнгги йилларда уларга 100 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилди.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари ушбу марказларга ҳам мурожаат қилиб, ҳозирги кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасликка, кенгайишга, замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганаётган ёшларни кўпайтиришга чақирди, бунинг учун ҳар қандай шароит яратишга тайёрлигини билдирди.
Вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир болага ўз фарзандидек қараб, соғлиги, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиш ва орзулари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Улар ёшлар билан доимий мулоқот платформасини йўлга қўйиб, мактаб, олийгоҳ, ўқув ва касб марказлари, тадбиркорларни бошини қовуштириб, ёшларга кўмаклашадиган тизим қилса, албатта натижа бўлиши таъкидланди.
“Бу ишлар “кампаниябозлик” бўлмаслиги, ўзгаришларни ҳар бир маҳалладаги ҳар бир ёш ҳар куни чуқур ҳис қилиши зарур.
Ана шунда Янги Ўзбекистонда таълим олмаган, ишсиз, касб эгалламаган, бир сўз билан айтганда, уюшмаган ёшлар деган тушунчаларнинг ўзи қолмайди!”, - деди Президентимиз.
Жорий йил февраль ойида ўтган учрашувда ёшлар учун 40 дан зиёд янги ташаббуслар эълон қилиниб, қарийб 500 миллион доллар ажратилди.
Бу йил 35 миллиард долларлик 8 минг 300 та лойиҳа ишга туширилиб, 292 мингта иш ўрни яратилади. Яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган.
Масалан, энергетикада 20 миллиард, нефть-газ ва кимёда 11 миллиард, тоғ-конда 7 миллиард, электротехника ва автомобилсозликда 4,5 миллиард долларлик минглаб корхоналар ишга тушади.
Ишлар бошланиши билан “яшил” иқтисодиёт, “яшил” энергия, рақамли геология, технологик минераллар, био-инженерия йўналишларида минглаб мутахассисларга талаб пайдо бўлади.
“Янги технологиялар асрида ким ютади? Фақат креатив фикрлайдиган, замонавий билим ва касбларни эгаллаган мутахассислар.
Шижоатингиздан кўриб турибман, албатта сиз, ёшлар бу корхоналарни бошқариб, катта-катта кашфиётлар қиласизлар, уларга инновацияларни олиб кирасизлар!
Шу боис, ҳозирданоқ бундай лойиҳаларга кадрлар тайёрлашни бошлаймиз”,- деди Президент.
“Гарвардчилар” мактаби Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида фаолиятини бошлаб юборди.
Ушбу халқаро мактабга бу йилги 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи саралаб олинади ва 3 та йўналишда ўқитилади. Келгусида ўқув ўринлари каррасига кўпайтирилади.
Умуман, миллий дастур асосида ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи селекция қилиниб, Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади.
Шундан камида 300 нафари эҳтиёжманд оила фарзандлари бўлади.
“Таълим – келажак сармояси” деган эзгу ғоя жамиятимизда катта ҳаракатга айланмоқда.
Яқинда “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти такомиллаштирилди. Энди топ-300 талик олийгоҳга кирганлар учун ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлайди.
Энг аввало, STEM йўналишлари (илм-фан, технология, муҳандислик ва математика), энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби драйвер соҳалар учун квоталар бир неча карра оширилади.
Эндиликда банклар топ-300 талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити беради.
Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани устувор йўналиш сифатида белгилаб, 100 та лойиҳа амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари қадриятларимиз ва маданиятимизни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланганини эълон қилинди.
Бу бой тарихимиз ва замонавий ёндашувларни ўзида уйғунлаштириб, ёшларнинг янги креатив ғояларини шакллантиришга хизмат қилади.
Бу тизим самара бериши учун Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ишга туширилмоқда.
Шу йилнинг ўзида “AI study” платформаси орқали камида 100 минг ёшларимиз сунъий интеллект технологияларини ўрганади.
Ҳозир мактабларимизда 19 минг 500 нафар информатика ўқитувчиси бор.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Массачусетс технология институтининг сунъий интеллект таълим дастури асосида ўқув дастурларини янгилайди.
Ҳар бир вилоятдан 100 нафар информатика ўқитувчиси жорий йилда Янги Ўзбекистон университетида ушбу дастурга ўқитилади. Ушбу ментор ўқитувчилар ўз ҳудудидаги қолган информатика ўқитувчиларини икки йил давомида каскад усулида тайёрлайди.
Бу орқали беш йилда барча мактаб битирувчилари сунъий интеллект бўйича етарли билим олади.
“Рақамли авлод қизлари” танловида таълим, сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши каби соҳаларда 7 минг ўқувчи ва талабанинг 120 та стартап лойиҳаси танлаб олинди.
Бу йил камида 50 минг нафар қизлар “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси билан қамраб олинади.
Стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратилди. Уларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилди.
Президентимиз бу рақам 1 миллиард долларга етказилишини айтди.
Энди, бу ишлар мактабдан бошланади. Ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати” киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант ажратилади.
Олийгоҳлар ўртасида ҳам стартаплар бўйича ҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади.
Стартапни прототипга айлантириш ва синовдан ўтказиш учун Инновация агентлиги ва IT-парк “RnD” марказини очади.
Бунда, энг яхши лойиҳалар бўйича прототип яратиш харажатининг 50 минг долларгача қисми Ёшлар венчур жамғармасидан қопланади.
Ҳар йили инвесторлар, йирик корхона ва стартап ташаббускорлари иштирокида “Стартап-экспо” кўргазмаси ўтказиб борилади.
Ҳозир тоғ-кон, агросаноат, тўқимачилик, кимё, электротехника, қурилиш материаллари соҳасида 1 миллион ёшлар меҳнат қилмоқда.
Энди саноат, сервис, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигида банд ёшларнинг касбий ривожланиши бўйича ҳам тизим яратилади.
Ҳар бир касб йўналиши бўйича айнан ёшлар ўртасида республика мусобақалари ўтказилади. Бунда давлат корхоналари ва хусусий сектор вакиллари тенгма-тенг иштирок этади.
Тармоқ раҳбарлари ҳар йили ўз тизимидаги 100 нафар ёшни селекция қилиб, хорижий стажировкага юборишни йўлга қўяди.
Бунинг учун, ҳар бир тармоқ 10 миллиард сўмдан ажратади. Бу маблағлар солиқ солиш базасидан чегириб ташланади.
Ўқишга кира олмаган мактаб битирувчилари ҳамда техникум ва олийгоҳларни тугатаётган талабаларни банд этиш бўйича 2 та алоҳида дастур қабул қилинди.
Шу мақсадда Алоқабанк ва Миллий банкка 300 миллион доллар ажратилди.
Улар “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 100 минг ёшларни, “Келажакка қадам” орқали 140 минг олийгоҳ битирувчисини даромадли иш билан таъминлашга масъул бўлади.
Бандлик вазирлиги Савдо-саноат палатаси Миллий банк билан бирга олийгоҳ, техникум, касбий таълим битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган платформани ишга туширади.
Бандлик, Мактаб, Олий таълим вазирликлари “Ҳаракатда даромад” электрон тизимини яратиб, таътилдаги 3 миллион ёшларни малака талаб қилмайдиган ишлар билан банд қилади.
Ҳар йили юқори синф ўқувчиларини касб танлашга қизиқтириш ва кўмаклашиш мақсадида “Менинг касбим” республика танлови ўтказилади.
Сўнгги етти йилда бошқарув кадрлари таркиби анча ёшариб, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизга ошди.
“Биз Янги Ўзбекистонда “халқ хизматидаги давлат” тамойилини рўёбга чиқаришда сиз каби иқтидорли, жонкуяр ва етакчилик қобилиятига эга ўғил-қизларимизга таянамиз.
Шу боис, ўтган ойда истиқболли кадрлар тайёрлаш ва уларни давлат бошқарувига жалб этиш бўйича муҳим фармонни имзоладим.
Энди, Давлат бошқаруви академиясида “Келажак лидерлари” дастури бўйича ҳар йили 100 нафар салоҳиятли ёшлар ўқитилади”, - деди Президент.
Бу ёшлар вазир ва ҳокимларга бириктирилади, икки ой уларнинг ёнида юриб, тажриба орттиради. Бир ойга хорижий стажировкага юборилади.
Дастурни тамомлаган ёшлар раҳбарлик лавозимларига асосий номзод бўлади.
Ёшларимизни китоб ўқишга қизиқишини оширишда танловлар муҳим роль ўйнамоқда.
Биргина мисол, Хоразмий мактабининг 8-синф ўқувчиси Дилбар Ҳайдарова “Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлиб, ота-онасига Президент соврини – автомобиль совға қилди.
“Дилбархон қизим, сен ўз мисолингда инсон чин дилдан ҳаракат қилса, кўп нарсага эриша олишини исботладинг, бу йўлда кўпчилик учун намуна бўлдинг. Бунинг учун катта раҳмат сенга! Раҳмат сени катта қилган ота-онангга!”, - деди давлатимиз раҳбари.
Ёшларни актёрлик, мусиқа, китобхонликка қизиқишини ошириш учун “Турон” театри, “Иқтидор ансамбли”, “Жадидлар изидан” каби танловлар ўтказилиб, уларда 400 мингга яқин ўқувчи иштирок этди.
Энди танловларда ғолиб бўлган жамоалар чекка ҳудудлардаги мактабларга мунтазам бориб, ўз чиқишлари билан тенгдошларини маданият ва санъатга қизиқтиради. Бунинг учун вилоят ҳокимлари биттадан автобус олиб беради.
Республика танлови ғолибларига маданият ва санъат олийгоҳларига киришда имтиёз берилади.
“Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг вилоят босқичи ғолиблари болалар ва мусиқа санъат мактабларида бепул ўқитилади.
“Ёш авлодни турли зарарли таъсирлардан асраш, уларга ахборот маконида фойдали, мазмунли маълумотларни етказиш ва тарғиб қилиш доим эътиборимиз марказида бўлиши зарур”, - деди Президент.
Шу мақсадда Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилгани, марказ миллий маданият, санъат, адабиёт, тарих ва маънавий қадриятлар асосида болаларга мўлжалланган тарбиявий контентлар яратиш учун масъул бўлиши қайд этилди.
Жорий йилдан бошлаб маҳаллаларда ўтказилган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақаларида 244 минг йигит-қизлар иштирок этди, 1 миллиондан зиёд ёшлар эса уларни катта қизиқиш билан кузатиб борди. Бу беллашувлар ватанпарварлик, жасорат ва жипсликни тарғиб этадиган муҳим ҳаракатга айланди.
“Мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини кўз қорачиғидек асрашда сиз, азиз ёшларимизга таянамиз.
Унутманг: мустақиллик – бу шунчаки расмий мақом эмас, балки ҳар бир ёшга ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини берадиган буюк неъмат”, - деди Президентимиз.
Ёшларга оид ислоҳотларни халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди.
Ёшлар тараққиёт индексида мамлакатимиз ёшлар сиёсати соҳасида энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат, деб топилди.
Бухоро шаҳри Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент шаҳри Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлари пойтахти мақомини олди.
Шу кунларда юртимизда ўтказилаётган Глобал ёшлар фестивалида 30 дан ортиқ давлатдан келган 300 нафардан зиёд ёшлар, 10 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Президент ушбу форум нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ёшлари учун самарали ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.
Президентимиз бугун “Креатив иқтисодиёт”, “Рақамли яшил ташаббуслар”, “Ёшлар тадбиркорлиги ва стартаплар” ва “Ёш инноваторлар” майдончаларидаги ўғил-қизларимиз билан мулоқот қилиб, ҳозирги ёшларимиз – Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорлари эканига яна бир бор амин бўлганини таъкидлади.
“Мен сизлар билан фахрланаман! Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз бу – кўп миллатли бутун халқимизнинг ютуғидир.
Азму шижоатингиз, соғлом дунёқарашингиз, бахту иқболингиз – миллионлаб ота-оналар, устоз-мураббийлар, яқинларингизнинг ҳам бахту саодатидир”, - деди давлатимиз раҳбари.
Давлатимиз раҳбари ўз соҳасида илғор, ташаббускор ёшлар билан мулоқот қилди, уларнинг таклиф ва ғояларини тинглади.
Президент фармони билан илм-фан, технология, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ўғил-қизларимиз мукофотланган эди.
Бугунги тадбирда давлатимиз раҳбари ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Тадбир якунида давлатимиз раҳбари яна бир бор ёшларга мурожаат қилди:
“Ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш, келажак учун пойдевор дегани. Пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, ҳаётингиз, бахтингиз биноси шунчалик муҳташам бўлади.
Ёшликдаги ҳаракат келажакдаги ютуқ дегани. Ёшликда орттирилган дўст бир умрлик ҳамкор, таянч ва суянч дегани.
Ҳеч қачон унутманг, фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади.
Мен бутун Ўзбекистон ёшлари ана шундай фазилатлар эгаси бўлишини тилайман!
Ишончим комил, биз кўп миллатли бутун халқимиз билан, сиз, азиз фарзандларим билан улуғ мақсадларимизга, албатта, етамиз! Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда, албатта, барпо этамиз!”.
#Шавкат Мирзиёев