Ўзбекистон Покистоннинг Meezan Bank банки ва Кувайтнинг Noor Financial компанияси билан исломий қимматли қоғозлар чиқариш масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистон Покистоннинг Meezan Bank банки ва Кувайтнинг Noor Financial компанияси билан исломий қимматли қоғозлар чиқариш масаласини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида (Агентлик) Покистон Ислом Республикасининг етакчи ислом банки — "Meezan Bank" ҳамда Қувайтнинг йирик инвестиция компанияси — "Noor Financial Investment Company" вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
"Meezan Bank" Покистондаги энг йирик ислом банки бўлиб, бош қароргоҳи Карачи шаҳрида жойлашган. Банк фаолияти шариат молиялаштириш тамойилларига асосланган бўлиб, чакана ва корпоратив мижозларга хизмат кўрсатиш, кредитлаш, депозитлар ва шариат қоидаларига мувофиқ бошқа молиявий маҳсулотлар ҳамда хизматларни ўз ичига олган тўлиқ банк хизматлари мажмуасини таклиф этади.
"Noor Financial Investment Company" Қувайтда фаолият юритувчи йирик инвестиция компанияси бўлиб, молиявий хизматлар, инвестициялар ва активларни бошқариш соҳаларида Қувайт, Яқин Шарқ мамлакатлари, Осиё ва бошқа бозорларда иш олиб боради. Компания "Meezan Bank" нинг муҳим стратегик инвестори ва акциядори ҳисобланади.
Муҳокамалар давомида "Капитал бозори тўғрисида"ги янги қонун лойиҳаси доирасида исломий қимматли қоғозлар (сукук)ни чиқариш ва жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Учрашув якунларига кўра, томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва шериклик алоқаларини ривожлантириш, хусусан исломий қимматли қоғозлар (сукук)ни чиқариш соҳасида эксперт тажрибаси алмашиш бўйича келишиб олдилар.