Ўзбекистон ўз маҳсулотларини 8чи Хитой импорт кўргазмасида намойиш этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 5 ноябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида 8-Хитой халқаро импорт кўргазмаси (CIIE) ўз ишини бошлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов раҳбарлигидаги вазирлик ва идоралар, шунингдек, тадбиркорлар делегацияси иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг миллий стенди тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, ипакчилик, чарм-пойабзал ва кимё саноатига оид корхоналар томонидан Хитой бозорига фаол экспорт қилинаётган 200га яқин турдаги маҳсулотлар билан намойиш этилмоқда.
Ушбу экспозиция Ўзбекистоннинг юқори саноат ва экспорт салоҳиятини намоён этиб, мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда Хитой билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишидаги стратегиясини акс эттиради.
Кўргазма доирасида форумлар, панель мунозаралари, конференциялар ва Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу тадбирлар шериклик алоқаларини ривожлантириш, тажриба алмашиш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларига инвестицияларни жалб этишга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги бизнес алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.