Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ўсишни кўрсатди: 2026-йил январь ойи битимларнинг 12 фоизга ўсиши билан якунланди
Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ўсишни кўрсатди: 2026-йил январь ойи битимларнинг 12 фоизга ўсиши билан якунланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил январь ойи учун Ўзбекистон кўчмас мулк бозори динамикаси бўйича таҳлилини тақдим этди.
Январь ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 28,6 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан битимлар сони қарийб 12%га ошди.
Йил бошидан буён кўчмас мулк савдолари динамикаси республика ҳудудларида ижобий тенденцияларни намоён этмоқда. Республика кўчмас мулк бозорининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳрига тўғри келиб, савдолар ҳажми 33,4%га ошди. Бу эса республиканинг барча ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.
Шунингдек, Самарқанд (26%) ва Сирдарё (24%) вилоятларида ҳам битимлар сонининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Январь ойида иккилламчи кўчмас мулк бозорида нархларнинг мўътадил ўсиши қайд этилди.
Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв. метр учун ўртача нарх бир ойда 0,9%га ошди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса нархлар ўсиши 8%ни ташкил этди.
Энг юқори нарх ўсиши Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида қайд этилди. Бу ҳудудларда уй-жой нархларининг ўртача ўсиши қарийб 24%ни ташкил қилди. Шунингдек, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам нархлар 16%га ошди.
Январь ойида Тошкент шаҳрида иккилламчи уй-жой бозорида 1 кв. метр учун ўртача нархи қарийб 1120 долларни ташкил этди ва ойлик ҳисобда 0,6%га ошди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса нархлар қарийб 2%га ўсди.
Иккилламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Яккасарой (5,7%) ва Мирабад (4,3%) туманларида қайд этилди.
Шу билан бирга, пойтахтнинг бирламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши нисбатан юқори бўлди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан янги қурилган уй-жойларда 1 кв. метр учун ўртача нарх 9%дан кўпроққа ошди.
Бирламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Миробад (18,4%) ва Мирзо-Улуғбек (17,3%) туманларида қайд этилди.
Январь ойида пойтахтда уй-жой ижарасининг ўртача қиймати 1 кв. метр учун қарийб 8,8 долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9%га юқори.
Ижара нархларининг энг юқори кўрсаткичи пойтахтнинг Миробад, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо-Улуғбек туманларида сақланмоқда. Бу туманларда ижара нархи 1 кв. метр учун ўрчата 11 доллар атрофида.
Айни пайтда ижара нархларининг ўсиш суръатлари жадаллашуви Олмазор, Юнусобод, Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо-Улуғбек туманларида кўпроқ кузатилиб, ушбу ҳудудларда йиллик ўртача ўсиш қарийб 13%ни ташкил этди.