Ўзбекистон Карачида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада ўзининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

Ўзбекистон Карачида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада ўзининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

Ўзбекистон Карачида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада ўзининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида, мамлакатимизнинг Покистондаги туризм бренд элчиси Чаудҳрй Ҳамид Маҳмоод бошчилигида Ўзбекистон делегацияси Карачи шаҳрида ўтказилган нуфузли Pakistan Travel Mart (PTM) халқаро туризм ярмаркасида муносиб иштирок этди. 

Мазкур иштирок Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва ранг-баранг туризм йўналишларини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим қадам бўлди.

PTM Karachi ярмаркаси доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлик компаниялари, туроператорлар, меҳмонхона бизнеси вакиллари ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирок этди. Ўзбекистон миллий стенди ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотиб, мамлакатимизнинг жозибадор ва истиқболли туризм йўналиши сифатидаги нуфузини яна бир бор намоён этди.

Тадбир давомида бренд элчи Чаудҳрй Ҳамид Маҳмоод Покистон Бош вазирининг туризм ва ахборот технологиялари масалалари бўйича махсус ёрдамчиси Сардор Илёс ҳамда Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси раиси Рана Афтаб ур Реҳман Рана билан музокаралар олиб борди.

Учрашувлар чоғида икки томонлама туризм алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар туризм оқимини ошириш ва барқарор ҳамкорликни ривожлантиришда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳим эканини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон стенди доирасида зиёрат туризми, маданий туризм, ишбилармонлик туризми ва таълим туризми йўналишлари кенг ёритилди. Тақдимот материаллари, манзиллар бўйича маълумотлар ҳамда тўғридан-тўғри мулоқотлар орқали Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган Ўзбекистоннинг ноёб туризм имкониятлари ҳақида кенг тушунча берилди.

Мазкур тадбир, шунингдек, халқаро туроператорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва янги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун қулай платформа бўлиб хизмат қилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг PTM Karachi ярмаркасидаги муваффақиятли иштироки Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги элчихонаси жамоасининг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида таъминланди. Уларнинг юқори даражадаги ташкилий ишлари ва фидойилиги мамлакатимизнинг муносиб тарзда намоён этилишида муҳим омил бўлди. 

Мазкур иштирок Ўзбекистоннинг Покистон ва бошқа халқаро бозорлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга, шунингдек, туризм дипломатияси орқали маданий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсатининг амалий ифодасидир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг